2017-04-10 18:06:00

ОИЛАВИЙ ПОЛИКЛИНИКА АҲОЛИ ХИЗМАТИДА

Яқинда Самарқанд Жомбой туман тиббиёт бирлашмасига қарашли “Деҳқонобод” қишлоқ врачлик пункти негизида карийб бир ярим миллиард сўм маблағ эвазига бунёд этилган оилавий поликлиниканинг икки қаватли янги биноси фойдаланишга топширилди.

Замонавий андоза асосида қурилган, барча қулайликларга эга мазкур поликлиника ҳудуддаги 35 минг аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишга мўлжалланган. Эндиликда ҳудуд аҳолисининг туман марказига боришига ҳожат қолмади. Барча бирламчи тиббий хизматдан ташқари педиатр, гинеколог, хирург каби 7 йўналишдаги тор мутахассислар шу ернинг ўзида фаолият бошлади.

– Қишлоқ врачлик пунктларини оптималлаштиришдан мақсад халқимизга замонавий тиббий хизмат кўрсатиш ва саломатлигини мустаҳкамлаш, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Бурхон Ўринов. – Бунинг учун поликлиникада керакли шарт-шароитлар яратилган. Галдаги вазифамиз кўрсатилаётган тиббий хизматнинг сифат ва самарадорлигини ошириш.

Яна бир янгилик сифатида айтиш жоизки, поликлиника қошида қишлоқ аҳолисига хизмат кўрсатадиган ихтисослашган шошилинч тез ёрдам бўлими ишга туширилди.

Ориф ЖУМАНОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири