2017-04-11 20:29:00

СУВ БЕБАҲО БОЙЛИК

Тошкент ирригация ва мелиорация институтида “Глобаллашув шароитида сув хўжалигини самарали бошқариш муаммолари ва истиқболлари” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари, Тожикистон Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро фонди, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти, Швейцария элчихонаси ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари, "Ўздавсувхўжаликназорат" инспекцияси, Ўзбекистон катта тўғонлар миллий қўмитаси ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари, олимлар ҳамда матбуот вакиллари иштирок этди. 

Сув ресурслари дунё мамлакатлари аҳолиси, саноат ва суғориладиган деҳқончиликни оби-ҳаёт билан таъминлайдиган манба, хисобланади. Қолаверса жтимоий-иқтисодий ривожланишни ва бутун минтақанинг экологик мувозанатини сақлаб турувчи муҳим омилдир. Мамлакатимизда ҳам қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини диверсификация қилиш бўйича пахта, шоли каби сувни кўп талаб қилувчи экинлар қисқартирилиб, ўрнига бошоқли дон, сабзавот-полиз экинлари ва боғ-узумзорлар майдони кенгайтирилмоқда. 

Бугунги кунда сув хўжалиги иншоотларини ишлатиш ва замонавийлаштиришга давлат бюджетидан кўп маблағ ажратилмоқда. Хусусан кейинги ўн йилда сув хўжалиги соҳасини ривожлантиришга давлат капитал маблағлари ҳисобидан йилига қарийб 500 миллиард сўм ва қатор йирик молия институтлари, халқаро ҳамкор ташкилотлар ва агентликлар каби донорларнинг инвестициялари иштирокида умумий қиймати қарийб 1,5 миллиард долларга тенг бўлган йирик лойиҳалар амалга оширилди.

Мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши кўп жиҳатдан табиий ресурсларга, хусусан, сув ресурсларига боғлиқ. Аграр соҳа, қолаверса, иқтисодиётнинг етакчи тармоғи бўлган саноатнинг ривожланиши ҳам сув ресурслари билан таъминланганлик ва улардан фойдаланиш ҳолатига боғлиқ. Қозоғистон ва Ўзбекистон билан ҳамкорлик доирасида 2009 йилдан буён 20 дан ортиқ лойиҳани амалга оширдик. Туркманистон билан янги лойиҳалар бошлаш арафасидамиз - дейди Германия халқаро ҳамкорлик жамияти Марказий Осиёда сув ресурсларини трансчегаравий бошқариш дастури раҳбари Каролина Милов.

Конференцияда сув хўжалигидан самарали фойдаланиш, трансчегаравий сувлардан фойдаланишда замонавий бошқарувни жорий этиш ва бу соха учун замонавий менежерларни тайёрлаш ва уларни бу ишга жалб этиш, сув ресурсларидан фойдаланишда замонавий сувни тежайдиган технологияларни амалиётга тадбиқ этиш каби масалалар муҳокама қилинди. 

Туркистон-пресс