2017-04-12 11:19:00

ҚАШҚАДАРЁДА ТИББИЙ ЁРДАМ ХИЗМАТИ СИФАТИ ОШИРИЛМОҚДА

Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисига сифатли бепул шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишнинг яхлит тизими яратилган ва давр талабидан келиб чиқиб шошилинч тиббий ёрдам курсатиш сифати оширилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 16 мартдаги “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Фармонда аҳолига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишда замонавий ва юқори технологиялардан кенг фойдаланишни йўлга қўйиш, бунинг учун шу йилнинг ўзида Республикада аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам хизматини яхшилаш учун 1 минг 200 дона ихтисослаштирилган автотранспорт воситасини сотиб олиш ва туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларидаги мавжуд автопаркларни янгилаш назарда тутилган.

Фармоннинг жойлардаги ижросини таъминлаш мақсадида Қашқадарё вилоятидаги шошилинч тиббий ёрдам бўлимларига 40 дона янги “Damas” амбуланс машинаси ажратилди. Бундай замонавий автотранспорт воситаларининг соҳага тадбиқ этилиши аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш қамрови ва сифатини янада ошириш имконини беради.  Воҳадаги Сарой, Ҳилол, Каманди қишлоқларида 3 филиал фаолияти йўлга қўйилиб, янги “Damas” амбуланс машинаси билан таъминланиб, бўлим ва филиалларда туну кун навбатчилик йўлга қўйилган.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ

“Туркистон-пресс” мухбири

ЎзА олган сурат.