2017-04-12 12:06:00

“ТИНЧЛИК ҚАДРИН БИЗЛАРДАН СЎРА...”

Тўқсон олтинчи баҳорни қарши олган Тожибой ота Азизов билан суҳбатлашиш мақсадида у инсоннинг хонадонига борганимизда ёшгина бир келинчак дарвозани очди-да, менга ҳамроҳ бўлиб келган Фотимахонни кўриб: “Ассалому алайкум, хуш келибсизлар”, — дея ичкари томон чорлади.

— Бу келин Тожибой отанинг невара-келинлари, — деди Тошкент вилояти Занги ота туманидаги Назарбек маҳалласи раисининг маънавий-маърифий ва аҳлоқий тарбия ишлари бўйича маслаҳатчиси Фотима Иноғомова менга юзланиб.

Мақсадимизни англагач, невара-келин Тожибой отага тушунтиришни бошлади: “Дода, сизни газетга чиқариш учун мухбир келибди. Сиз билан суҳбатлашаркан. Суратга ҳам олармиш...” Ҳаётнинг аччиқ-чучугини обдон тотган отахоннинг юзларига ним табассум югурди ва бирданига хотирасида михланиб қолган шеърларни айтишга тушди. Майли-да. Бундай улуғ ёшларга етганлар бор, етмаганлар бор. Шу ёшда хотирада ашъор асрашнинг ҳам ўзи бўлмайди. Биз бунинг гувоҳи бўлиб, анча суюндик. Айримлар иссиқ ўринларида дам олиб, вақтида овқатланиб ҳам бундай ёшга етолмайди-ю. Тожибой ота эса уруш айни авж олган паллада фашизмни ер юзидан бутунлай йўқотиб, инсониятни фаровон яшашига ҳисса қўшганлардан. Бугун 96 ёшда юрт ободлиги мадҳ этилган шеърларни айтса, бундан фақат хурсанд бўлиш керак. Бахтимиз, тинчлигимиз йўлида жасорат кўрсатган бундай инсонларни фақат иззатлаш, бошга кўтариш барчамизга ҳам фарз, ҳам қарз.

—1942 йилда мени ҳам бошқа тенгдошларим сингари урушга олишди, — дея гап бошлади Тожибой Азизов. — Дастлаб 4-Украина фронтида ҳарбий хизматни бошладим. Душман танкларига қарши жанг қилувчи қўшинда уларнинг танкларини сафдан чиқаришни бошладик. Кутилмаганда ярадор бўлиб, ҳарбий госпиталга тушдим. Аммо тезда тузалдим ва яна ҳарбий қисмимизга қайтдим. Шундан 1944 йилда яна госпиталда даволанишга тўғри келди. Бироқ бу сафар мени жанг майдонига эмас, август ойида юртимизга жўнатишди. Чунки ногирон бўлиб қолгандим-да, болам. Ўшандан бери бегуноҳ ўлим топган дўстларим, ёш-ёш йигитлар кўз олдимдан кетмайди. Урушнинг даҳшатларини биз кўрдик, энди ҳеч ким бундай кунларни кўрмасин. Ана шуларни ёз, болам. Токи ёшлар бугунги осойишта кунларнинг қадрига етишсин, уни сақлаш йўлларини қидиришсин.

Тожибой ота яна нимадир демоқчи бўлди-ю, аммо бир муддат ўйга чўмди. Эҳтимол, қора кунларнинг оғир азоблари, ўша пайтдаги норғул йигитларнинг шаҳид кетганлари ҳақида гапирмоқчи бўлгандир...

Мен ҳамроҳим Фотима Иноғомовага савол назари билан юзланаман. Табиатан анча зийрак бўлган бу аёл саволимни тез илғади, шекилли сўзлай бошлади:

—Биз тез-тез бу табаррук отахону онхонларнинг хонадонларига келиб, ҳолларидан хабар олиб турамиз. Тўғри, фарзандлари бу инсонларни бировга муҳтож қилиб қўйишгани йўқ. Шундай бўлса-да, давлатимиз томонидан ажратилаётган моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ишларини ҳудудимизда амалга ошириш — бевосита вазифамиз бўлгани учун келиб турамиз, кўнгилларини кўтаришга ҳаракат қиламиз.

Тожибой ота узоқ хаёл суришдан кейин “Тинчликнинг қадрини бизлардан сўра, болам” деб қолди. Бир пайтлар бир бурда нон учун не азобларни бошидан кечирмади бу халқ. Бугун бу гапларим гўё бир чўпчак. Ёшлар бу гапларнинг маъносини ҳам тушунмасалар керак. Чунки ҳаммаёқда тўкинчилик, одамлар тўқ-фаровон. Шундай кунларда ярата олганларга катта раҳмат.

Матёқуб НАРЗИЕВ,

“Туркистон-пресс” мухбири