2017-04-12 12:09:00

АКАДЕМИК ОЛИМЛАР БИЛАН УЧРАШУВ

Самарқанд қишлоқ хўжалик институтида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази академиклари ва мухбир аъзолари билан ҳамкорлик қилувчи ишчи гуруҳ аъзоларининг учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги расмий сайти хабар бермоқда.

Унда Ветеринария илмий тадқиқот институти, “Ўзпахтаёғ” акциядорлик жамияти, Ўзбекистон қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий тадқиқот институти раҳбар ходимлари, Самарқанд қишлоқ хўжалик институти профессор-ўқитувчилари ва институт қошидаги 1-сон академик лицей педагоглари қатнашди.

Ушбу тадбир Президентимизнинг 2016 йил 30 декабрдаги олим ва академиклар билан учрашувида уларнинг бой билимидан фойдаланиб, илмий ишланмаларни бойитиш, эришган тажрибасини ишлаб чиқаришда самарали қўллашни йўлга қўйиш, бунинг учун ташкилотлар ва муассасаларга уларни маслаҳатчи сифатида бириктиришни ташкил этиш бўйича топшириғидан келиб чиқиб ўтказилди.

Учрашувда сўзга чиққанлар академик олимлар билан илмий ҳамкорликнинг афзал жиҳатлари, уларнинг ёш тадқиқотчи-олимларга кўсатадиган яқиндан кўмаги ҳақида фикр билдирдилар.

“Туркистон-пресс”