2017-04-12 12:16:00

ИНҲА УНИВЕРСИТЕТИДА КИБЕРТАҲДИДЛАР ТЎҒРИСИДА ТАҚДИМОТ ЎТКАЗИЛДИ

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT)да “Касперский лабораторияси” (Kaspersky Lab) компанияси томонидан “Марказий Осиёда кибертаҳдидлар ландшафти” мавзусида тақдимот ўтказилди.   

Маълумки, мазкур компания ахборот хавфсизлиги соҳасида ишлайдиган дунёдаги энг йирик хусусий компаниялардан биридир.

“Kaspersky Lab”нинг Марказий Осиё ва Монголиядаги ҳудудий офиси тижорат директори Валерий Зубанов Инҳа университетининг талабалари ҳамда ўқитувчи-профессорлари таркиби учун тақдимот ўтказди.

Тадбир давомида Валерий Зубанов жаҳон ҳамда Марказий Осиё ҳудуди, шу жумладан, Ўзбекистондаги энг асосий кибертаҳдидлар тўғрисида гапириб берди.

“Kaspersky Lab” маълумотларига кўра, Ўзбекистондаги асосий кибертаҳдидлар бу спамлар, хавфли ҳаволалар ва локал таҳдид (флешка)лардир.

“Kaspersky Lab” вакилининг қайд этишича, янгиланмаган дастурий таъминотлар кибертаҳдидлар учун ўта хавфли ҳисобланади. Мутахассиснинг айтишича, таҳдидларнинг олдини олиш учун доимий тарзда дастурий таъминотларни янгилаб туриш лозим.

Валерий Зубанов энг муҳим ахборотларнинг резерв нусхасини яратиш жудаям муҳим эканлигини таъкидлаб ўтди.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс”