2017-04-12 13:10:00

“GM UZBEKISTAN” АВТОМОБИЛЛАРИ УРУШ ФАХРИЙЛАРИГА НАВБАТСИЗ БЕРИЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш мақсадида “GM Uzbekistan” акциядорлик жамиятида ишлаб чиқарилаётган енгил автомобилларни навбатсиз шартномавий буюртма бериш орқали харид қилиш тартиби белгиланди.

“GM Uzbekistan” АЖ томонидан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ва Молия вазирликлари ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан тақдим этилган ҳудудий тақсимоти бўйича шаклланган Иккинчи жаҳон уруш фахрийларининг тўлиқ рўйхатидан келиб чиқан ҳолда ҳар бир уруш фахрийси номига бериладиган имтиёзли сертификат ишлаб чиқилди ва сертификатлар Иккинчи жаҳон уруш фахрийларига “Нуроний” жамғармаси ва туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўйича бўлимлари мутасадди ходимлари ҳамда бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида тарқатилади.

Сертификатларни топшириш чоғида ҳар бир уруш фахрийсига Сертификатда кўрсатилган имтиёз асосида сотиб олинган автомобилга биринчи ва иккинчи техник хизмат кўрсатиш “GM Uzbekistan” АЖ томонидан бепул амалга оширилиши, имтиёз бир марталик ҳисобланиб, 2017 йил 31 декабргача амал қилиши тушунтирилди.

Навбатсиз шартномавий буюртма тузиш ҳуқуқи берилган уруш фахрийларида ногиронлиги ва касаллиги туфайли автомобиль олишга шартнома тузиш учун имконияти бўлмаса, навбатсиз автомобиль олиш имтиёзи уруш фахрийсининг розилик аризаси билан қариндошига ёки қаровчисига фахрийнинг яшаш манзилдаги маҳаллий фуқаролик органлари, маҳалла қўмитаси томонидан тақдим этилган маълумотнома асосида тузилиши мумкин.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ

“Туркистон-пресс” мухбири