2017-04-12 13:43:00

“ЎРГИМЧАК ТЎРИ”ГА ЎРАЛАШМАНГ!

Глобаллашув даврида ахборот маконининг такомиллашиши, интернетнинг оммалашиши, виртуал ўйинларнинг тобора ривожланиши инсониятга имкониятлар яратиш баробарида кутилмаган хавф-хатарларни ҳам келтириб чиқармоқда. Виртуал оламдаги маънавий таҳдидлар, ўлим хавфи юқори бўлган ўйинларнинг кўпайиши вояга етмаганлар онгига салбий таъсир кўрсатиб, уларни фожиага ундамоқда.

Мисол учун, сўнгги пайтларда интернет тармоғида пайдо бўлган “Кўк кит” ўйини олайлик. Ҳали оқ-қоранинг фарқини яхши англамайдиган ўсмирларни ажал комига етаклайдиган бу ўйин айрим мамлакатларда нохуш ҳолатларни келтириб чиқараётгани ҳам ҳақиқат.

Халқ таълими вазирилги Ахборот хизматидан маълум қилишларича, юртимизда ушбу хавфли ўйиннинг аянчли оқибати ҳақида ёш авлодни хабардор қилиш мақсадида кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари, профилактика тадбирлари ўтказилаяпти. Педагоглар маънавият соатлари ва очиқ дарсларда ўқувчиларга хавфли ўйинлар таъсирига тушиб қолмаслик, бундай ўйинлар манфур кимсаларнинг ғаразли мақсади, ғоявий-мафкуравий таҳдиди экани ҳақида кенг тушунча бераяпти. 

Жумладан, Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги 56-умумтаълим мактабининг миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари фани ўқитувчиси Ҳабибулло Зикировнинг 7-синф ўқувчилари учун ташкил этган навбатдаги очиқ дарси умуминсоний ва миллий қадриятларга мутлақо зид бўлган айрим компьютер ўйинларининг салбий оқибатларига бағишланди. Муаллим дарсни давра суҳбати тарзида, ўзаро савол-жавоблар асосида ўтказди. Дастлаб ўқувчиларнинг нималарга қизиқиши, қандай ижтимоий тармоқларга аъзо экани, қайси компьютер ўйинларини билиши ва ўйнагани ҳақида суриштирди. Ўқувчиларни қизиқтирган саволларга содда ва тушунарли қилиб, ҳаётий воқеа-ҳодисалар мисолида, оммавий ахборот воситаларида берилаётган дастур ва материаллардан фойдаланган ҳолда жавоб берди. 

— Ўқувчиларда савол кўп. Ўсмирларни қизиқтираётган ҳар бир саволга пухта ўйлаб жавоб бериш керак, — дейди Ҳабибулло Зикиров. — Бераётган маълумотимиз салбий тарғиботга айланиб қолмаслиги лозим. Чунки психологиядан маълумки, ўсмирларга бирор нарсани тақиқлаган сари уларнинг шунга қизиқиши ортиб бораверади. Баъзан футболга қизиқадиган болалар “Устоз, компьютерда футбол ўйнасак, зарари йўқми?” деб сўрашади. Уларга компьютерда ўйнагандан кўра, стадионга чиқиб, ҳақиқий футбол ўйнагин. Ҳам ҳордиқ чиқарасан, ҳам соғлом бўласан”, дея жавоб бераман. Интернетга қизиқувчи ўқувчиларга эса ziyouz.uz, kitob.uz каби болани билим олишга, мутолаага чорловчи сайтлардан фойдаланишни тавсия қиламан.

Муаллим ўқувчиларга ижтимоий тармоқ ва компьютер ўйинлари ташкилотчиларининг асл мақсад-муддаоси қандай эканлиги ҳақида ҳам кенг тушунча берди. Сўнгги пайтларда ўсмирлар онгига ёт ғояларни сингдириб, турли нохушликларга сабаб бўлаётган интернет ўйинларининг зарари, аянчли оқибатлари борасида ҳаётий мисоллар келтирди. 
— Интернет бутун дунёни эгаллаб олди. Сониялар ичида дунёнинг нариги четидаги киши билан бемалол суҳбатлашиш, онлайн равишда кўришиш мумкин, — дейди Ҳ.Зикиров. — Бироқ турли виртуал танишлар ҳақида холис маълумотга эга бўлиш мутлақо имконсиз. Уларнинг кимлигини, нияти қандайлигини билмасдан туриб, кибер дўстларга кўнглини очаётган — шахсий ҳаёти, ўй-кечинмалари, туйғуларини ишониб айтаётган ёшлар охир-оқибат турли нохушликларга дуч келмоқда.

Педагогнинг фикрича, фарзандларимизни виртуал олам хавфларидан асраш учун уларнинг таълим-тарбиясига жиддий этибор қаратишимиз, смартфон, планшет ва компьютерда қандай ишлар билан машғул эканини мунтазам кузатишимиз, ижтимоий тармоқларда ким билан мулоқот қилаётганидан хабардор бўлишимиз керак. Агар болаларни назорат қилишга вақтимиз кам бўлса, уларни имкон қадар фойдали машғулотлар билан банд қилиш лозим.

“Туркистон-пресс”