2017-04-12 15:23:00

ЯПОНИЯЛИК САЙЁҲЛАР МАДАНИЙ ТАДБИРИМИЗДАН ЗАВҚЛАНИШДИ

Жорий йилнинг 7 апрель куни Япониядан Самарқанд шаҳрига чартер рейслар билан ташриф буюрган  сайёҳлар Самарқанд шаҳридаги аэропортида юқори савияда кутиб олинди. Меҳмонлар 8 апрель куни Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар ва музейларга ташриф буюрдилар.

Регистон ансамблининг Улуғбек мадрасасида хорижлик сайёҳлар учун маданий дастур ташкил этилди. Тадбирда вилоятда фаолият кўрсатиб келаётган “Эл-мерос” тарихий либослар театрининг ҳамда “Таманно” ансамблининг чиқишлари меҳмонларда ўзига хос таассурот қолдирди.

Таъкидлаш лозимки, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 26 январдаги “Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги 38-сонли қарорида Самарқанд шаҳрининг Регистон майдонида ва бошқа диққатга сазовор масканларда театрлаштирилган томошаларни мунтазам равишда ўтказиш бўйича вазифалар белгиланган. Бунда тарихий масканда турли маданий тадбирлар,  миллий удум ва анъаналар намойиши кўзда тутилган.

Шунга кўра, Регистон майдони ва бошқа диққатга сазовор масканларда муайян вақтларда Самарқанд вилояти театрлари томонидан ўтказиладиган театрлаштирилган томошалар чора-тадбирлар режаси ва сценарийлар иишлаб чиқилди.

Ҳозирда Регистон майдонида Самарқанд вилояти мусиқали драма театрининг “Самария” фольклор этнографик театрлаштирилган томошанинг репетиция жараёнлари олиб борилмоқда. Саҳна томошаларни намойиш этиш жараёнида сайёҳлик мавсумини, шунингдек, чет элликларнинг тарихий обидаларга ташрифи кўламини инобатга олиб, томошаларни жорий йилнинг 20 апрелидан намойиш этилиши режалаштирилган.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс”