2017-04-12 16:29:00

ТУРКМАНИСТОН КИНОСИ КУНЛАРИ БЎЛИБ ЎТМОҚДА

Шу кунларда мамлакатимизда Туркманистон киноси кунлари бўлиб ўтмоқда. Мазкур тадбир Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 6-7 март кунлари Туркманистон Республикасига Давлат ташрифи чоғида икки мамлакат ўртасида 2017-2019 йилларга мўлжалланган маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик дастурига асосан, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда “Туркманфильм” бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Икки қардош халқ ўртасидаги маданий алоқаларнинг ёрқин намунаси сифатида уюштирилган тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар ўзбек-туркман миллатининг ўзаро ишончли ва вақт синовидан ўтган ҳамкорлик алоқалари ҳар жабҳада мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлашди.

Тадбирнинг тантанали очилиш маросими “Ат-мират” бадиий фильми намойиши билан бошланди. Мазкур фильмда туркман миллий урф-одатлари, қадриятлари, эр-йигитлар ғурури ҳисобланмиш отга бўлган инсонларнинг юксак ҳурматига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Туркманистон киноси кунлари доирасида “Махтумқули”, “Копетдоғ — аскарнинг орзуси”, “Сейис”, “Муҳаббат мероси” ва “Қумли келин қўшиқлари” каби бадиий фильмлар намойиш этилади, икки мамлакат кинематографлари иштирокида ижодий учрашувлар бўлиб ўтади.

Таъкидлаш жоиз, 2016 йилнинг 25-29 сентябрь кунлари Ашхобод шаҳрида Ўзбекистон киноси кунлари бўлиб ўтган эди.

Гулшода ЖУМАНИЁЗОВА,

“Туркистон-пресс”