2017-04-12 18:18:00

САБИНА ВА САНЖАР ХАЛҚАРО ТУРНИРЛАРДА ЧОРАК ФИНАЛГА ЧИҚДИ

Маҳоратли теннисчиларимиз Сабина Шарипова ва Санжар Файзиев халқаро турнирлардаги иштирокини муваффақиятли давом эттиришмоқда.

Жумладан, Сабина Шарипова Туркиядаги турнирнинг иккинчи босқичда мезбон теннисчи Айла Аксуга қарши кортга чиқиб, иродали ғалабага эришди. 2 соат  давом этган баҳсда теннисчимиз рақибасини 3:6, 7:6, 6:2 ҳисобида мағлуб этди ва кейинги босқичга йўл олди.

Ушбу турнирнинг иккинчи рақамли теннисчиси сифатида сараланган Сабина энди ярим финалга чиқиш учун белоруслик Вера Лапкога қарши баҳс юритади. 

Яна бир иқтидорли теннисчимиз Санжар Файзиев эса Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида бўлиб ўтаётган мукофот жамғармаси 15 000 АҚШ долларини ташкил қилувчи “Фьючерс” турнирида чорак финал йўлланмасини қўлга киритди.

Спортчимиз мезбон теннисчи Роман Ҳасановга қарши кортга чиқиб, 0:6, 6:4, 6:2 ҳисобларида ғалаба қозонди.

Турнирнинг тўртинчи рақамли теннисчиси сифатида сараланган Санжар Файзиев навбатдаги босқичда россиялик Иван Гахов (6) га қарши баҳс ўтказади.

“Туркистон-пресс”