2017-04-13 10:04:00

ИЗЧИЛ ИСЛОҲОТЛАР ДАВОМ ЭТАДИ

Маълумки, тинчлик ва хавфсизлик ҳар бир мамлакатнинг барқарор ривожланишида муҳим омил ҳисобланади. Шундай экан, юрт тинчлиги ҳамда халқ фаровонлигини таъминлаш давлатимиз олдида турган энг долзарб вазифадир.

Ўзбекистонда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, ички, ташқи хавф ҳамда таҳдидларга барҳам бериш, юртдошларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муносиб ҳимоя қилиш, турли кўринишдаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ички ишлар органларининг асосий вазифаларидан ҳисобланади. Ана шундан келиб чиқиб бугун ички ишлар органлари тизимида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Улар ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариб, замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши муносиб курашиш йўлида астойдил ҳаракат қилмоқдалар.

2016 йилнинг 16 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуни қабул қилингани мазкур соҳада янги босқични бошлаб берди, десак адашмаймиз. Жорий йилнинг 10 апрель куни Президентимизнинг “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг имзоланиши мазкур соҳадаги ислоҳотларни мутлақо янги, давр талабларига мос равишда юқори салоҳият билан олиб борилиши зарурлигини белгилаб берди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур фармони ички ишлар органларидаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этишга, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашишдаги анъанавий усуллардан воз кечиб, ҳуқуқбузарликлар профилактикасида янги иш услубларини қўллаш, аҳоли билан яқин мулоқотни йўлга қўйиш, ички ишлар органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, шунингдек, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, тизим фаолиятини тубдан ислоҳ этишга, ечимини кутаётган муаммоларни ҳал этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Мазкур фармон билан тасдиқланган ички ишлар органлари тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури фармонда белгиланган вазифаларни амалга оширишнинг энг долзарб ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жуда тушунарли шаклда белгилаб берди. Унинг ижросини тўлақонли таъминлаш эса мамлакатимизда қонун устуворлигига эришиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ўз вақтида амалга ошириш, шу тариқа жамоат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Камолиддин РАҲИМОВ,

Ички ишлар вазирлигининг Инсон ҳуқуқларини

ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бошқармаси

бўлим бошлиғи ўринбосари, майор

“Туркистон-пресс”