2017-04-13 17:20:00

ТАДБИРКОРЛИКНИ МИКРОКРЕДИТЛАШ ТИЗИМИ СОДДАЛАШТИРИЛАДИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев“Тадбиркорлик субъектларини ва кенг аҳоли қатламига микрокредитлар ажратиш тизимини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекди.

Ҳужжат тадбиркорлик субъектлари ва барча аҳоли қатламининг имтиёзли микрокредитлардан кенг фойдаланишини таъминлаш, шунингдек, якка тартибдаги меҳнат фаолиятини рағбатлантириш йўли билан аҳоли бандлигини янада оширишга қаратилган.

Қарор янги рўйхатга олинган юридик шахс ташкил этмаган якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ) ва оилавий тадбиркорлик субъектларига (ОТС) микрокредитлар ажратиш механизмини соддалаштиришни жорий этишни кўзда тутади. Янги рўйхатдан ўтган юридик шахс ташкил этмаган ЯТТ ва ОТСларга фаолиятини амалга ошириш учун олинган товарларни гаров сифатида ҳисобга олган ҳолда энг кам иш ҳақининг (ЭКОИҲ) 20 баробаригача миқдорда микрокредитлар ажратилади.

Янги давлат рўйхатидан ўтган юридик шахс ташкил этмаган ЯТТ ва ОТСларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ЭКОИҲнинг 60 баробаригача миқдорда микрокредитлар кредитлашга оид қонун ҳужжатларида назарда тутилган таъминот турлари билан бир қаторда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ваколатлари доирасида кафиллиги асосида ажратишни кенгайтириш.

2021 йил 1 январга қадар мазкур қарорга илова этилган фаолият турлари билан шуғулланадиган янги рўйхатга олинган юридик шахс ташкил этмаган ҳолда фаолият юритаётган ЯТТ ва ОТСлар микрокредитларни расмийлаштиришда 6 ой муддатга қатъий белгиланган солиқ тўловларидан озод этилади. Мабода назарда тутилган имтиёзлардан фойдаланадиган қатъий белгиланган солиқ тўловчилар улар давлат рўйхатига олинган кундан эътиборан 12 ой ичида тугатилса ёки 3 ёхуд ундан кўп ой муддатга фаолиятини тўхтатса, фаолият кўрсатган даври учун қатъий белгиланган солиқларни тўлайди.

Жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, манфаатдор вазирликлар ва идоралар, хўжалик бирлашмаларига тижорат банклари кредити ҳисобидан сотиб олинадиган қорамол, қўй-эчки, қуён, парранда, балиқ, асалари уяси, мевали дарахт ва ток кўчатлари, уруғ, минерал ўғит, ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситалари, маиший техника, ускуналар, қурилиш материаллари ва бошқа товарларни ҳеч қандай чекловларсиз нақд пулсиз ҳисоб-китоб йўли билан етказиб беришни ташкил этишга кўмаклашиш вазифаси топширилди. Бир ой муддатда ҳудуддаги жорий ҳолатни танқидий таҳлил қилиш асосида тегишли қишлоқ хўжалиги товарлари, маиший техника, ускуналар, қурилиш материаллари ва бошқа турдаги маҳсулотлар етказиб беришга ихтисослаштирилган хўжалик субъектларини ташкил этилади.

Қарорда 47 та узоқ ва бориш қийин ҳамда ортиқча меҳнат ресурсларига эга бўлган туманда янгидан ташкил этилган ЯТТ ва ОТС учун тижорат банкларининг Имтиёзли кредитлаш жамғармаси ҳисобидан ЭКОИҲнинг 100 бараваригача миқдорида кредитлар ажратиш белгиланди.

Марказий банкка бир ой муддатда юқорида кўрсатилган микрокредитларни ажратишнинг соддалаштирилган тартибларини тасдиқлаш тавсия қилинди.

“Туркистон-пресс”