2017-04-14 10:07:00

ДЕПУТАТЛИК ГУРУҲИ ВИЛОЯТ МЕҲНАТ БОШ БОШҚАРМАСИ ФАОЛИЯТИНИ ТАҲЛИЛИЙ ЎРГАНДИ

Самарқанд вилоятида меҳнат бозоридаги вазиятни юмшатиш, одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш, ишсиз аҳоли қатламларини бандлигига кўмаклашиш ва ижтимоий муҳофаза қилиш борасида қандай ишлар амалга ошириляпти? Бу ҳақда халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилишида вилоят меҳнат бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бахтиёр Мамажонов ҳисобот берди.

Қайд этилишича, 2017 йилда 76,6 минг нафар фуқаронинг янгидан ташкил этиладиган иш ўринларида бандлиги таъминланиш режалаштирилган бўлиб,  шундан январь-февраль ойларида барча манбалар ҳисобидан 6 минг 719 та иш ўринлари ташкил этилди. Бундан ташқари, якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобидан 6 минг 533 нафар ишсизларни бандлиги таъминланган. Яратилган иш ўринларининг салмоқли қисми Пахтачи, Пайариқ, Тайлоқ, Ургут туманлари ва Самарқанд шаҳри ҳисобига тўғри келади.

Ишга жойлаштирилганларнинг аксариятини кўп болали, ногирон фарзандлари бўлган ота-оналар, таълим муассасаларини тугатган ёшлар ташкил этади. Улар орасида ногиронлар ва жазони ўташ муассасаларидан озод этилган шахслар ҳам мавжуд.

Жорий йил январь-февраль ойларида иш сўраб мурожаат қилган 318 нафар фуқароларга мақбул келадиган иш топиш имкони бўлмаганлиги учун ишсизлик мақоми берилиб, уларнинг аксарияти касб ўрганишга, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди ва 51 нафарига ишсизлик нафақаси тайинланди.

Депутатлар жойларда ўтказиб келинадиган “Бўш иш ўринлари ярмаркалари” натижалари билан қизиқдилар.

— 2017 йилнинг январь-февраль ойларида бўш иш ўринлари ярмаркалари барча туман ва шаҳарларда 3 маротаба ташкил этилиб, ярмаркаларга 2 минг 678 та бўш иш ўринлари мавжуд бўлган 223 та салоҳиятли иш берувчи корхоналар жалб этилди, — деди Самарқанд вилоят меҳнат бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бахтиёр Мамажонов. — Натижада 142 нафар иш изловчи фуқароларга халқ хўжалигининг турли соҳаларига ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилган.

Берилган маълумотларни таҳлил қилган депутатлар ўз хулосаларини билдиришди.

— Вилоятда бўш иш ўринлари ярмаркасининг самарадорлиги пастлигича қолмоқда, — дейди халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг вакили Абдумўмин Жўраев. — Бунга сабаб аксарият бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар ярмаркаларда тўлиқ кўрсатилмаяпти. Қолаверса, аҳолини иш билан таъминлашда маҳаллалар билан ҳамкорликдаги ишлар ҳам қониқарли даражада эмас. Хусусан, бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар қишлоқларда аҳолига вақтида етказилмаяпти. Бу эса чекка ҳудудларда ишсиз аҳолининг ортишига ўз таъсирини кўрсатмоқда.

Йиғилиш якунида депутатлар соҳада йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли таклифлар ва тафсияларини беришди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”