2017-04-14 10:16:00

ИНҲА УНИВЕРСИТЕТИГА ҲУЖЖАТ ТОПШИРИШ ТАРТИБИ ЎЗГАРМАЙДИ

2017 йилда ҳам ўтган йилдагидек Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT)га ҳужжат топшириш учун IELTS ёки TOEFL iBT расмий сертификатини тақдим этиш лозим.

Мазкур ҳужжат топшириш билан боғлиқ масалалар, бу йилга қабул шартлари бўйича ҳар куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига кўплаб қўнғироқлар, мурожаатлар бўлмоқда.

Инҳа университетининг “Қабул ҳамда академик масалалар” бўлими раҳбари ўринбосари Беҳзод Жалиловнинг қайд этишича, абитуриентлар учун талаблар ҳудди ўтган йилдагидек қолдирилди. Ҳеч қандай ўзгаришлар йўқ. Ҳужжатларни қабул қилиш онлайн тарзда амалга оширилади. Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига ҳужжат топшириш учун IELTS ёки TOEFL iBT расмий сертификатини тақдим этиш лозим бўлади.

“IELTS ёки TOEFL iBT расмий сертификати бўлмаган абитуриентлар IUT абитуриенти сифатида рўйхатдан ўтиб, 2017 йилнинг 10 июлига қадар шундай ҳужжатни қўлга киритишлари керак. Қайд этамиз, Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига ҳужжат топшириш учун, албатта, IELTS ёки TOEFL iBT расмий сертификатларидан бири тақдим этилиши лозим. Бундай сертификати бўлмаган абитуриентлар кириш имтиҳонларига қўйилмайди”, — қўшимча қилди Жалилов.

Абитуриентларига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети Британия Кенгаши билан ҳамкорликда IELTS имтиҳонларига ёпиқ сессияни ташкил этмоқда. Имтиҳон 2017 йилнинг 8 июнь куни бўлиб ўтади. Абитуриентлар 2017 йилнинг 12 майига қадар рўйхатдан ўтишлари лозим. Ҳужжат топширмоқчи бўлганлар қўшимча маълумот учун IUT маъмуриятига мурожаат қилишлари мумкин.

Беҳзод Жалиловнинг қайд этишича, мазкур сессия IELTS сертификатини олиш учун абитуриентларга сўнгги имконият ҳисобланади, сабаби, Британия Кенгаши маълумотларига кўра, IELTS имтиҳонлари учун барча саналар жорий йилнинг август ойига қадар ёпилган.

Альтернатив тарзда абитуриентлар TOEFL iBT® имтиҳонларини топширишлари мумкин.  Абитуриентлар 2017 йилнинг 6 май ва 3 июнь кунлари Тошкент шаҳридаги Инҳа университети биносида бўлиб ўтадиган TOEFL iBT имтиҳонларига рўйхатдан ўтишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Инҳага ҳужжатлар 2017 йилнинг 17 апрелидан то 10 июлига қадар университетнинг сайти (www.inha.uz) да онлайн тарзда қабул қилинади.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс”