2017-04-14 10:35:00

ПИЛЛАЧИЛИК РИВОЖИДА МУҲИМ ҚАДАМ

Мамлакатимизда пиллачилик қадимий ва кўп асрлардан буён халқ шуғулланиб келинаётган соҳалардан бири. Мустақилликка эришганимиздан сўнг дунёда нуфузига эга ипак толалари сифатини янада яхшилаш, ривожлантириш йўлида бир қанча ишлар амалга оширилди. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 29 мартдаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада дастуриламал бўлди.

Қарорга мувофиқ тижорат банклари иштирокида таъсис этиладиган, ўзига маълум хўжалик зоналари бириктириладиган, ҳудудларда пиллачилик тармоғи корхоналари фаолиятини мувофиқлаштирадиган бешта минтақавий жамиятдан иборат “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ташкил этилмоқда.

Шунингдек, ҳудудий ва туман “Агропилла”корхоналарини ташкил этиш, улар зиммасига сифатли ипак қурти уруғини пиллачилик билан шуғулланувчи касаначилар ва ташкилотларга тарқатиш, ипак қуртини парваришлаш ва пилла етиштириш бўйича консультация хизматлари кўрсатиш назарда тутилган. Бу ниҳоятда аҳамиятли. Пилланинг сифати унга малакали мутахассис бириктирилишига боғлиқ. Бундан ташқари, қарорда озуқа манбаи сифатида тут дарахтлари майдонини кенгайтириш назарда тутилган.

— Навоий вилоятида жорий йил якка қатор қилиб, 922 минг дона тут кўчати ўтқазилди. Улар уч йилдан сўнг ҳосилга киради, — дейди вилоят “Пилла” бирлашмаси раиси Умид Нарзиев. — Давлатга 1005 тонна пилла топшириш режамиз бор. Буни уддалаймиз, албатта. Айни кунларда фермер хўжаликлар билан шартномалар тузилди. Яқинда парваришланаётган ўн етти минг етти юз қути ипак қурти фермер хўжаликлари ва оилавий пудратчиларга тарқатилади. Ипак қуртининг ўсиши, озиқланиши, парваришини ҳосилотларимиз вақти-вақти билан текшириб туришади. Фақат пиллачилик соҳасидаги мутахассисларнинг камлиги муаммолардан бири. Келгусида бунга ҳам ечим топилишига ишонамиз. Чунки, янги қарор пиллачилик ривожининг ҳамма жиҳатларини қамраб олгани билан диққатга сазовор.

“Туркистон-пресс”