2017-04-14 10:36:00

МТМЛАР ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИ ФАОЛИЯТИ ТАЛАБ ДАРАЖАСИДАМИ?

Соғлом одамни ҳақли равишда табиатнинг бебаҳо асари дейиш мумкин. Боиси, тўрт мучаси соғлом кишигина хоҳ жисмоний, хоҳ ақлий меҳнат билан бўлсин, тўлақонли шуғулланиши ва бу орқали жамият ривожига муносиб ҳисса қўшиши мумкин. Ушбу ҳақиқат инобатга олиниб, бугунги кунда мамлакатимизда ёш авлод саломатлигини таъминлаш йўлида бошланган эзгу сайъ-ҳаракатлар изчиллик асосида янги босқичда давом эттирилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бу хайрли юмушдан Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фаоллари ҳам четда тургани йўқ. Партиянинг Сайловолди Дастурида айни йўналишга устувор вазифа сифатида қаралган бўлиб, бу борада ишлаб чиқилган лойиҳалар доирасида бир қатор мақсадли тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят кенгаши қошида партия фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш,  халқ таълими бошқармалари, санитария эпидемиология назорат маркази билан ҳамкорликда тузилган ишчи гуруҳи  Термиз шаҳридаги 5 та мактабгача таълим муассасаларидаги ҳолат билан танишдилар.

Партиянинг “Фарзандлари соғлом юрт-қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда олиб борилаётган мазкур мониторинг ишларидан кўзланган асосий мақсад — мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларида синфлардаги ўқувчилар сонининг санитария-гигиена талабларига мослиги, умумий тиббий хизматнинг аҳволи, мажбурий дори-дармонлар билан таъминланганлик даражаси, манту синамаси ва бошқа эмлашлар даврийлигининг ҳолати, тоза ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини ўрганишга қаратилган.  Ўрганишлар жараёнида маълум бўлдики, ишчи гуруҳ ташриф буюрган мактабгача таълим муассасалари (МТМ)нинг ҳеч бирида юқоридаги вазифалар меъёрида уддаланмаган. Соғлиқни сақлаш ва халқ таълими вазирликларининг 2013 йил 2 октябрдаги 26,40-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 1-иловасига биноан “Мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларида ташкил этилган тиббий хоналарнинг жиҳозлар ва асбоб ускуналар билан таъминлаш” бўйича амалга оширилган ишлар кўздан кечирилганда қуйидагилар маълум бўлди: 12 сонли МТМда 35та ўрнига 7, 1 сонли МТМда 6, 30 сонли МТМда 10 , 17 МТМда 14, 24 сонли МТМда 8 дона низомда кўрсатилган жиҳоз ва асбоб-ускуналар мавжуд, холос. Ана шунинг ўзи ҳам ушбу масканларда болалар саломатлиги йўлидаги ишлар ачинарли ҳолатда эканлигини кўрсатиб турибди. Энди эътиборингизни Низомнинг 2-иловасига асосан тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун бўлиши шарт бўлган дори воситаларининг мавжудлиги ҳолатига қаратсак, яна шу аҳвол  кўзга ташланади: 12 сонли МТМда 20 турдаги дори воситалари ўрнига 11, 17 сонли МТМда 18, 30 сонли МТМда 7, 1 сонли МТМда 11, 24 сонли МТМда 7 турдаги дори-дармонлар мавжуд, холос.

Дарвоқе, кўздан кечирилган ушбу МТМларнинг ҳеч қайсисида  стомотолог хонаси йўқлиги ҳозиргача ҳеч кимнинг пинагини ҳам бузаётганлиги йўқ. Қарангки, 1 сонли МТМда ҳатто тиббиёт ҳамшираси ҳам фаолият кўрсатмас экан. Шунча камчиликлардан кейин, Низомнинг 3 иловасига биноан мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган тиббий ходимлар томонидан юритиладиган зарурий ҳужжатлар рисоладагидек десак ишонасизми? Йўқ албатта. Тўғри қиласиз, зеро, доно халқимизнинг “Ранг кўр, ҳол сўр” деган пурмаъно ҳикмати бежизга айтилмаган. Қисқаси, тиббиёт ходимлари томонидан юритилаётган ҳужжатлар тўпламининг ҳам деярли мавжуд эмаслиги, борларининг ҳам ўлда-жўлдалиги шу соҳага алоқадор бўлган ишчи гуруҳ аъзоларининг ҳам ҳафсаласини пир қилди.

—Ҳар бир ота-она кўзининг оқу-қораси бўлган жигарбанди учун борини беришга тайёр. У фарзандининг келгусида соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишини истайди. Болам ҳозирданоқ оқ-қорани танисин, маърифатга ошно тутинсин деган умидда ўқил-қизини мактабгача таълим муассасаларига етаклаб келаётганлар қанча. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, фарзанд бу ота-онасининг кўз қорачиғидек, асраб-авайлаб вояга етказаётган хазинаси. Ана шу жавоҳирга хиёнат қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Юқоридаги мисоллар воситасида кўрганларимиз эса, бунинг аксини кўрсатмоқда, — дейди Ишчи гуруҳи раҳбари, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят кенгаши раисининг мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари Дилрабо Нурматова. — Ўзбекистон “Адолат”СДПнинг 2017 йилга мўлжалланган иш режаси ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган мазкур жамоатчилик назорати давомида вилоят ҳудудида Ишчи гуруҳ томонидан шаҳар ва туманларда танлов асосида 10 та умумий ўрта таълим ва 5 та мактабгача таълим муассасалари танлаб олинган бўлиб, ўрганишлар жараёнида аниқланган камчиликларларни бартараф этиш масаласи халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси муҳокамасига киритилади ва тегишли чора-тадбирлар белгиланиши режалаштирилган.

“Туркистон-пресс”