2017-04-14 15:05:00

“ЎЗБЕКИНВЕСТ” КОМПАНИЯСИДА ДОЛЗАРБ МАВЗУ МУҲОКАМАСИ

Мамлакатимизда тиббиёт соҳасини ислоҳ қилиш, аҳолини жаҳон талабларига жавоб берадиган тиббий хизмат ва сифатли дори воситаларидан фойдаланишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 1 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур қарорда тиббий суғурта соҳасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солиш, ихтиёрий ва мажбурий тиббий суғуртанинг ҳуқуқий асосларини белгилаш, суғурта полислари бўйича кафолатли юқори сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш, фуқаролар учун тиббий суғурта тизимида иштирок этишда рағбатлантирувчи имтиёз ва преференциялар яратиш ва бошқа масалаларга қаратилган “Тиббий суғурта тўғрисида”ги қонун лойиҳаси концепциясини ишлаб чиқиш ҳам кўзда тутилган.

Бу борадаги ишларни жадал ва самарали ҳал этиш мақсадида тегишли тартибда чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. “Ўзбекинвест” компанияси ахборот хизматидан хабар қилинишича, шу мақсадда “Ўзбекинвест Ассистанс” сервис агентлигида “Тиббий суғурта тўғрисида”ги қонун лойиҳаси концепцияси ишлаб чиқилиши жараёнида фаол иштирок этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси “Суғурта иши” мутахассислиги тингловчилари иштирокида семинар ташкил этилди.

Эркин мулоқот шаклида ўтган семинар давомида мамлакатимиздаги тиббий суғурта соҳасидаги амалиёт, мазкур йўналишдаги суғурта ташкилотлари, хусусан, ассистанс агентликлари томонидан тақдим этилаётган хизматлар, АҚШ, Германия, Канада, Россия, Буюк Британия каби хорижий давлатларнинг тажрибаси, шунингдек, мазкур ҳуқуқий ҳужжат амалга татбиқ этилгач, кутилётган ижобий натижалар ҳамда уни жорий этиш жараёнида дуч келиши мумкин бўлган муаммолар каби масалалар муҳокама этилди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс” мухбири