2017-04-14 16:21:00

КОЛЛЕЖ ҚИЗЛАРИ ТИККАН КИЙИМЛАР АҲОЛИГА МАНЗУР

Қашқадарё вилоятидаги Косон озиқ-овқат саноати ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг тикувчилик йўналишида таҳсил олаётган қизлар амалий машғулотларда маҳоратини ошириб боришади. Замонавий русумдаги тикув машиналари ўқувчиларга турли матолардан ҳар хил ўлчам ва дизайндаги либослар тайёрлаш имконини бермоқда.

– Эркаклар кийимлари, аёллар байрамона либослари, болалар кийим-кечаклари тикаяпмиз, – дейди коллежнинг махсус фан ўқитувчиси Мавлуда Ишмуҳаммедова. – Аҳолидан турли буюртмалар ҳам қабул қилиб, уларни ўқувчиларимиз билан биргаликда тайёрлаяпмиз. Ўтган йилларда шу йўналишни битирган кўпчилик ўқувчиларимиз айни вақтда ўзининг мустақил фаолиятини йўлга қўйишган, айримлари енгил саноат корхоналарида меҳнат қилишаяпти.

Дарҳақиқат, сифатли таълим олиш баробарида билим ва кўникмаларини амалиётда мустаҳкамлаётган ўқувчилар келгусида иш ўринларига эга бўлишда ҳам қийналишмайди. Зеро, ўз соҳасини пухта эгаллаган, етук мутахассисларга ҳамиша талаб юқори.

“Туркистон-пресс”