2017-04-14 18:27:00

БАРҚАРОР САЙЁҲЛИК ТИЗИМИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЙЎЛИДА

Нукус шаҳридаги И.Савицкий номидаги қорақалпоқ давлат санъат музейида мамлакатимизда барқарор сайёҳлик тизимини ривожлантириш масалаларига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари ҳамда Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмиталари, Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмиталари, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Латвия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси, БМТнинг Жаҳон сайёҳлик жамияти (ЮНВТО) кўмагида ташкил этилган мазкур анжуман “Ўзбекистон Республикасида барқарор турзимни ривожлантириш (Қорақалпоғистон мисолида)” мавзусига бағишланди.

Анжуманда таъкидланганидек, мамлакатимизда туризм индустриясини такомиллаштириш, хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Туризм тўғрисида”ги қонуни, Президентимизнинг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Халқаро анжуманда ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Криста Пиккат, Латвия Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Эдгарс Бондарс, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси департаменти бошлиғи Абдулазиз Акулов ва бошқалар сўзга чиқиб, ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Бухоро ва Самарқанд шаҳарларидаги оламга машҳур меъморий ёдгорликлар билан бир қаторда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудуди ҳам қадимий қўрғон ва қалъаларга ниҳоятда бойлиги билан археолог олимлар, тадқиқотчилар ва сайёҳлар эътиборини тобора кўпроқ ўзига тортаётгани ҳақида тўхталди.

Асосий эътибор сайёҳлик тизимига инветицияларни жалб этиш, соҳага оид кадрлар тайёрлаш, хизмат турлари ва сервисни йўлга қўйиш, чет элларда мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятини кенг реклама қилиш, халқаро сайёҳлик ташкилотлари ва хорижлик шериклар билан ҳамкорликни кучайтиришга қаратилди. Бу борадаги илғор хорижий тажрибалар ва тавсиялар берилди.

Соатмўмин ЖУМАЕВ,

“Туркистон-пресс”