2017-04-15 11:18:00

ЖАҲОЛАТГА ҚАРШИ МАЪРИФАТ БИЛАН КУРАШМОҚ КЕРАК

Бутун дунёда тараққиёт ривожига жиддий хавф туғдираётган трансмиллий жиноятчилик – одам савдосига қарши курашиш алоҳида эътиборда.

Мамлакатимизда бундай жиноятларнинг олдини олиш, унга қарши курашиш, жумладан, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини кучайтиришга энг долзарб вазифалардан бири сифатида қаралмоқда. Мазкур масалага кенг жамоатчилик эътибори жалб қилиниб, бундай жиноятлардан аҳоли, айниқса, ёшларни огоҳ этиш мақсадида барча таъсирчан воситалардан унумли фойдаланилаяпти.

Тошкент фармацевтика институтида “Одам савдосига қарши курашишда фуқаролик жамияти институтлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг ҳамкорлиги” мавзуида ташкил этилган тарғибот тадбирида шу ҳақда сўз юритилди. Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда депутатлар, прокурорлар, ички ишлар органи ходимлари, Тошкент шаҳар “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот маркази масъул ходимлари, маҳалла фаоллари, институтнинг профессор ўқитувчилари ва талабалари иштирок этди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари Н.Юлдашева ва бошқалар инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи давлатимиз сиёсатининг, миллий қонунчилик тизимининг асосини ташкил этишини таъкидлади. Мамлакатимизда мазкур меъёрларнинг ҳаётда ўз ифодасини топиши учун кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир.

Мамлакатимизда 2008 йилда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги, “Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши конвенциясини (Нью-Йорк, 2000 йил 15 ноябрь) тўлдирувчи Одам савдосининг, айниқса аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақидаги Протоколни ратификация қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилингани бундай жиноятларга қарши курашишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур ҳужжатлар ижросини таъминлаш, мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш борасида юртимизда кенг кўламли ишлар олиб борилаётир. Натижада мамлакатимизнинг аксарият аҳолиси одам савдосидан қандай ҳимояланиш зарурлиги ҳақида маълумотга эга.

– Кенг кўламли тушунтириш ишлари олиб борилаётгани, одам савдосининг мудҳиш оқибатлари ҳақида буклетлар тарқатилаётгани, ташқи реклама воситаларидан унумли фойдаланилаётгани ўз самарасини бермоқда, – дейди Тошкент “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот маркази масъул ходими Шоҳида Қосимова. – Шу мавзуга бағишланган саҳна асарлари яратилгани натижасида ҳозирги кунда мамлакатимизнинг аксарият аҳолиси одам савдоси нима экани, ундан қандай ҳимояланиш зарурлиги ҳақида маълумотга эга. Мазкур чора-тадбирлар юртимизда одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг кескин камайишига хизмат қилмоқда.

Тадбир якунида одам савдосидан жабрланган инсонлар ҳаёти акс эттирилган видеоролик намойиш этилди, ёшларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.

Муаттар РЎЗИБОЕВА,

 Туркистон-пресс