2017-04-17 13:00:00

“СОҒЛОМ АВЛОД УЧУН” ФОНДИ КЎМАГИДА

Самарқанд вилоят кўптармоқли тиббиёт марказида  Самарқанд, Жиззах, Хоразм, Навоий вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидан ташриф буюрган 12 ёшгача бўлган болалар тиббий кўрикдан ўтказилди.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамоат фонди томонидан ташкил этилган кўрикда германиялик шифокорлар қўл   ва оёқ нуқсони билан туғилган ҳамда куйиш асоратлари бўлган болаларни текширувдан ўтказди.

—2002 йилда “Соғлом авлод учун”халқаро хайрия жамоат фонди, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Германиянинг Friedensdorf Internanational халқаро ташкилоти томонидан уч томонлама шартнома имзоланган эди, —дейди “Соғлом авлод учун”республика халқаро хайрия жамоат фонди вакили Ж.Нуров. —Ҳамкорлик доирасида 12 ёшгача бўлган бемор ва ногирон болаларни даволаш ва реабилитация қилиш амалга оширилмоқда. Хусусан, 2002-2016 йиллар давомида 312 нафар ўзбекистонлик болалар терининг куйиш асоратлари, туғма қўл-оёқ бўғимлари ва бошқа ташхислар билан Германиянинг нуфузли клиникаларида даволанишди. Ушбу халқаро ташкилотнинг грант маблағлари ҳисобига 2016 йил давомида 150 нафар туғма лаб ва танглайида нуқсони бўлган ногирон болаларда жарроҳлик операциялари ўтказилди ва улар соғломлаштирилди. Шунингдек, ўтган йил давомида “Чиройли оёқчалар”лойиҳаси доирасида туғма оёқ нуқсони ва қийшиқ бўйин ташхиси билан 15 ёшгача бўлган 150 нафар бемор болаларда жарроҳлик амалиётлари ўтказилиб, соғломлаштирилди. 

Навбатдаги тиббий кўрик давомида мамлакатимизнинг беш ҳудудидан ташриф буюрган 125 нафар болалар шифокорлар назоратидан ўтди. Уларнинг 15 нафари Германияда даволаш учун танлаб олинди. 

“Туркистон-пресс”