2017-04-17 13:08:00

ИЖОДКОРЛАР ЎРТАСИДА ШАХМАТ ТУРНИРИ

Жорий йилнинг 15 апрель куни Шахмат бўйича Республика ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ва Самарқанд вилоят “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти ҳамкорлигида тадбир ташкил этилди.

Унда мамлакатимиздаги таниқли олимлар, шоир ва ёзувчилар, турли ОАВда фаолият юритаётган ижодкорлар, журналистика соҳасида таълим олаётган талабалар ҳамда меҳнат фахрийлари иштирок этишди. Очиқ мулоқот руҳида ўтган тадбир давомида қаламкашлар ўртасида ижодий мулоқот, таниқли журналистлар ва талабалар ўртасида маҳорат дарси ҳамда шахмат мусобақаси ўтказилди.

Таъкидлаш жоизки, олимлар ва ижодкорлар ўртасида шахмат мусобақаларини ўтказиш яхши анъанага айланган. О.Шарафиддинов, Э.Воҳидов каби адабиёт намоёндалари иштирокида кўплаб турнирлар ўтказилган. Бугунги кунда эса айнан ушбу инсонларнинг хотира турнирлари ўтказиб келинмоқда.

Шахмат бўйича Республика ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби эса ушбу анъанани давом эттириб ижодкорлар иштирокида шахмат турларини мунтазам ташкил этиб келмоқда. Бундай тадбирлар шахматни янада оммалаштириш ва ривожлантиришга, миллий адабиётимиз, хусусан журналистика соҳасига катта ҳисса қўшган инсонлар меросини тарғиб қилишга хизмат қилади.

Шахмат мусобақасида иштирокчилар 7 турда дона суришди.

Мусобақа якунига кўра, 1-ўрин “Қишлоқ ҳаёти” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Ҳабиб Темировга, 2-ўрин филология фанлари номзоди, доцент Сувон Мелиевга, 3-ўрин “Ёшлик” журнали бош муҳаррири Нодир Жонузоққа насиб этди.

Мусобақа ташкилотчилари томонидан ғолиб ва иштирокчиларга эсдалик совғалари топширилди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс” мухбири