2017-04-17 13:49:00

ТОШКЕНТДАГИ ИНҲА УНИВЕРСИТЕТИ АБИТУРИЕНТЛАРДАН ҲУЖЖАТЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШНИ БОШЛАДИ

Жорий йилнинг 17 апрель кунидан бошлаб Тошкент шаҳридаги Инҳа университети 2017/2018-ўқув йили учун абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилишни бошлади.

Университет матбуот хизматидан хабар қилинишича, IUTга ҳужжатларни топшириш жараёни аввалги йиллардаги каби тўлиқ онлайн тарзда амалга оширилади.

IUTда ўқишни истаган абитуриентлар, https://admissions.iut.uz ҳаволаси бўйича университет сайтига кириб, онлайн рўйхатдан ўтиш шаклини тўлдиришлари лозим.

Онлайн рўйхатдан ўтиш жараёнида абитуриентлар шахсий маълумотларнинг электрон нусхасини илова қилишлари лозим: паспорт, академик лицей, касб-ҳунар коллежи, мактабни битирганлиги тўғрисидаги диплом ёки аттестат, 086-формасидаги тиббий маълумотномаси ва инглиз тилидан ўз билимларини тасдиқлаш учун IELTS ёки TOEFL iBT расмий сертификатини тақдим этиш лозим.

Агарда абитуриент ҳали лицей ёки коллежни битирмаган бўлса, ўқув юртининг маълумотномасини, IELTS ёки TOEFL имтиҳонини топширганлиги тўғрисидаги сертификати бўлмаса, у ҳолда IELTS ёки TOEFL имтиҳонларига рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотномани тақдим этиши шарт.

Онлайн рўйхатдан ўтиш 2017 йилнинг 10 июль куни соат 17:00 га қадар давом этади.

IUT 2017/2018-ўқув йилида “Компьютер ва Дастурий инжиниринг йўналиши” (SOCIE)га 300 нафар ҳамда “Логистика” йўналишига 100 нафар талабаларни қабул қилиш режалаштирилган.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири