2017-04-17 15:00:00

ФАХРИЙЛАРГА СЕРТИФИКАТЛАР ТОПШИРИЛМОҚДА

Шу кунларда юртимиз бўйлаб 9 май — Хотира ва қадрлаш кунига қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Мазкур сана муносабати билан давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари, ёшлар Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фахрийлари хонадонида бўлиб, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатмоқда.

Фарғона вилоятида ҳам Президентимизнинг жорий йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бир қатор эзгу ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Фарғона шаҳрида бир гуруҳ Иккинчи жаҳон уруши ва фронт орти меҳнат фахрийларини рағбатлантириш мақсадида вилоят ҳокимлиги, “Нуроний” жамғармаси, “Автотеххизмат” МЧЖ ва бир қатор жамоат ташкилотлари вакиллари томонидан фахрийлар хонадонига ташриф буюрилиб, уларга “GM Uzbekistan” АЖ томонидан ишлаб чиқарилган енгил автомобилларни навбатсиз сотиб олиш ва бепул техник хизматдан фойдаланиш учун  имтиёзли сертификатлар топшириш маросими ўтказилди.

Сертификатларни вилоят ҳокими ўринбосари Қамариддин Имомов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Топволди Холдоровлар топширди. Фахрийларга шаҳар ҳокимлигининг эсдалик совғалари улашилди.

Мазкур сертификатлар орқали ёши улуғ уруш қатнашчиларининг ўзи ёки яқинлари навбатсиз енгил автомобиль сотиб олиш ва унга бепул техник хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлишлари таъкидланди.

“Мирзо Улуғбек” маҳалласида умргузаронлик қилаётган Гилмутдин Ҳусаинов бу йил қутлуғ 90 ёшни қарши олади. Урушдан сўнг узоқ йиллар ички ишлар органларида хизмат қилган отахон ўзининг жанггоҳларда кечган ёшлик йилларини ўкинч билан эслайди, бугунги дориломон кунларга, кўрсатилаётган ғамхўрликларга шукрона келтириб яшайди. “Бутун дунё, халқимиз, болаларимиз сира уруш кўрмасин, тинчлигимизга кўз тегмасин”, дейди у.

Ҳудудларда фахрийларига имтиёзли сертификатлар топшириш ва уларни моддий-маънавий рағбатлантириш тадбирлари давом этмоқда.

“Туркистон-пресс”