2017-04-18 12:59:00

ВАТАНПАРВАР ЁШЛАР ТАНЛОВИ

Ёшларимизнинг тафаккурини янада ошириш, жисмонан бақувват қилиб тарбиялаш, ватанпарварлик туйғусини шакллантиришда ҳарбий хизматнинг ўрни беқиёс аҳамият касб этмоқда.

Ушбу жиҳатларни инобатга олган ҳолда юртимизнинг кўплаб ҳудудларида “Ёш чегарачилар” кўрик-танлови кўтаринки руҳда ташкил этилмоқда.

Сирдарё вилоятида бўлиб ўтган танловда ҳарбий-ватанпарварлик мусобақалари ўзгача тарзда ташкиллаштирилганлиги қатнашчилар ва томошабинларда катта қизиқиш уйғотди.

Мусобоқа иштирокчилари сафда юриш тайёргарлиги, сафда қўшиқ билан юриш, жамоаларнинг махсус устки кийими кўриги, ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий тайёргарлик, давлат чегараси тўғрисидаги билимларини синаш, қуролларни қисмларга ажратиш ва йиғиш, ўғил болалар 1000 метрга, қизлар 100 метрга югуриш, турникда тортилиш бўйича беллашдилар.

Танловда жамоалар Ватанимиз тарихи, ҳарбий соҳадаги қонунлар, низомлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар юзасидан қанчалик бохабар эканликларини, аскарларнинг ҳарбий интизоми, мажбурияти, ҳарбий бурч, командирлар буйруқларини сўзсиз бажариш каби билимларини намоён қилдилар.

Якуний натижаларга кўра, Ховос транспорт касб-ҳунар коллежининг “Ҳумо” жамоаси биринчи, Мирзаобод хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг “Ёш посбонлар” жамоаси иккинчи, Синдоробод қурилиш касб-ҳунар коллежи жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди.

Мусобақаларда фаол иштирок этган жамоалар “Камолот” ЁИҲ ва вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Ғолиб жамоа мусобақанинг мамлакат босқичида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.

“Туркистон-пресс”