2017-04-18 13:06:00

МУРОЖААТЛАР ЭЪТИБОРСИЗ ҚОЛМАЙДИ

Фуқароларнинг ҳеч бир мурожаатини эътиборсиз қолдирмаслик, уларни ҳал этишда қонунийлик тамойилларига асосланиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳудудлардаги халқ қабулхоналари фаолиятига бош мезон этиб белгиланган.

Қувасой шаҳар Халқ қабулхонасида ҳам фуқаролар ва юридик шахслар мурожаатларининг қонуний кўриб чиқилиши ва адолатли қондирилишига жиддий эътибор қаратилаётир.

Халқ қабулхонасига жорий йилнинг биринчи чорагида 539 та оғзаки, 38 та ёзма, жами  577 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатлар, асосан, иш билан таъминлаш,уй-жой, тадбиркорликни йўлга қўйиш, пенсия ва нафақа тўлови, шунингдек, моддий ёрдам, банклар кўмаги ва кредит олиш каби масалаларга қаратилган. Уларнинг аксарияти ҳудуддаги “Зийнат”, “Полмон”, “Ёшлик”, “Амир Темур”, “Гулистон”, “Ҳамид Олимжон” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудига  тўғри келади.

Бугунги кунга қадар мурожаатларнинг 239 таси қаноатлантирилган бўлса, 254 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 84 та мурожаат эса тегишли органлар томонидан ўрганилмоқда.

Масалан, фуқаро М.Умарованинг аризасига биноан унинг меҳнат ҳуқуқи тикланди, Россия давлатида таҳсил олаётган И.Ваҳобовнинг конвертация масаласидаги, Ҳ.Нуралиевнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун ер ажратиш тўғрисидаги мурожаати қондирилди, Ф.Эртамованинг иш сўраб қилган мурожаати ўрганилиб, шаҳар ободонлаштириш бўлимига ишга жойлаштирилди, Ш.Алимовнинг пенсия тўлови борасидаги муаммоси Миллий банк томонидан ижобий ҳал этилди.

— Президентимизнинг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан аҳоли мурожаатларининг  ўз вақтида ўрганилиши, муаммоларга қонуний ечим топилиши, шубҳасиз, халқнинг давлат ва унинг идораларига бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда, — дейди Қувасой шаҳар халқ қабулхонаси мудири Т.Имомов. —Халқнинг юрагига қулоқ тутиш, инсон манфаатлари устуворлигини таъминлаш доимий, муҳим вазифа сифатида давлат ва жамият тараққиётига хизмат қилади.

“Туркистон-пресс”