2017-04-18 13:28:00

МАСЪУЛИЯТНИ ҲАР ЛАҲЗА, ҲАР ҚАДАМДА ҲИС ЭТАЙЛИК

Бугун давлатимиз раҳбарининг одамлар оғирини енгил қилиш борасидаги ибратли интилишлари замирида мамлакатда ижтимоий адолат, бағрикенглик, ҳалоллик, меҳр ва саховат, юрт ободлиги cингари эзгу мақсад, ғоя мужассам.

Бу Президентимизнинг жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар ижроси, ижтимоий объектлар фаолияти билан танишиш асносида маҳаллаларда бўлиб, аҳоли билан суҳбатлар ўтказишида, халқ учун фаровон турмуш тарзини яратишга интилишида, ёшлар бандлигини таъминлаш йўлида муҳим кўрсатмалар бераётганида ҳам намоён бўлаётир.

Юртбошимиз маҳалламизга ташрифи чоғида ҳам аҳоли билан, фаоллар билан учрашди, барчамизнинг мақсад ва интилишларимиз, ўй-ташвишларимиз билан қизиқди.

Маҳалла азалдан миллий қадриятлар бешиги, тарбия ўчоғи, баркамол авлодни чин инсоний туйғулар руҳида камол топтирувчи маскан сифатида қадрланган. Бугун унинг зиммасидаги вазифалар ижросини муваффақиятли адо этиши учун зарур шароитлар яратилаётир. Президентимиз Тошкент шаҳрида қурилиши режалаштирилган намунавий маҳалла марказлари лойиҳаси билан танишаркан, маҳалла раиси, масъул котиб ва маслаҳатчилар, профилактика инспектори учун алоҳида хоналарнинг компmютер ва зарур жиҳозлар, адабиётлар билан таъминланиши зарурлигини таъкидлади.

Маҳалланинг кўркига кўрк қўшадиган ана шундай лойиҳа асосидаги маҳалла марказини бизнинг “Якка тут”маҳалламизда қуриш режалаштирилган. Бинода маҳалла кутубхонаси учун алоҳида хона бўлиб, у замонавий ахборот технологиялари билан таъминланади ҳамда ахборот-ресурс марказларига уланади.

Ҳудудимизда иккита мактабгача таълим муассасаси, иккита мактаб ҳамда иккита коллеж фаолият юритмоқда. Таълим олаётган фарзандларимизда китоб мутолаасига рағбат уйғотишда, бўш вақтларини мазмунли ташкил этишда маҳалла кутубхонасининг алоҳида ўрни бор. Мазкур маърифат маскани ёшлар ўртасида халқимизга хос ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат фазилатларини мус-таҳкамлашда муҳим ўрин тутишига ишонаман.

Яратилаётган қулайлик фаолиятимизга янада масъулият ва танқидий кўз билан қарашга ундайди. Давлатимиз раҳбари учрашув давомида аҳоли турмуш даражасини ошириш учун ҳудуд инфратузилмасини ривожлантириш, ободонлаштириш ишларини янада яхшилаш кераклигини таъкидлади. Таълим муассасаларини энг обод, файзли гўшага айлантириш борасида кўрсатмалар берди.

Маҳалламизда 32 та кўп қаватли уй бор. Уларда 5600 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Нуроний кексаларнинг мароқли ҳордиқ чиқариб, қарилик гаштини суришга, ёш авлоднинг спорт билан шуғулланиб чиниқишига, уй-рўзғор юмушларидан бўшаган хотин-қизларимизнинг ҳунар ўрганишга эҳтиёжи бор. Давлатимиз раҳбарининг намунавий лойиҳа асосида қуриладиган маҳалла марказларида айни шу жиҳатлар эътиборга олиниши зарурлиги борасидаги таклифлари ҳаммамизни қувонтирди. Лойиҳага кўра, маҳалла маркази қошида замонавий спорт майдончалари, чойхона, маиший хизмат кўрсатиш уйлари, “Гўзаллик салони”қурилиши белгиланган.

Эндиликда биз, йиғин фаоллари бундай суҳбатлардан йўл-йўриқ олиб, танқидий фикрлардан тўғри хулоса чиқариб, фаолиятимизни қайта ташкил этишимиз, Юртбошимиз айтганидек, маҳалла институтини халқ ва давлат ўртасидаги кўприкка айлантиришимиз зарур. Шундагина халқ биздан рози бўлади, маҳаллага ишонади.

Нодир РЎЗИМЕТОВ,

Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги

Якка тутмаҳалласи раиси

(“Туркистон-пресс”).