2017-04-19 11:11:00

ХУСУСИЙ ТАДБИРКОРЛИККА ЭЪТИБОР

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида “Ипотека-банк” акциядорлик-тижорат банки томонидан аҳолининг барча қатламларини тадбиркорликка жалб қилиш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Унда “Ипотека-банк” АТБнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш юзасидан олиб бораётган ишлари, яратилаётган янги иш ўринлари, банк кредитларини аҳолининг барча қатламлари учун самарали хизмат қилишини таъминлаш масалалари юзасидан маълумот берилди.

Президентимиз томонидан жорий йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” йили деб эълон қилиниши ҳар бир соҳанинг, хусусан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг янада ривожланишида янги босқич вазифасини ўтади. Анжуманда таъкидланганидек, “Ипотека-банк” филиалларининг масъул ходимлари 340983 дан ортиқ оилаларга ташриф буюриб, ажратилаётган кредитлар миқдори, шартлари, олиш тартиби, керакли ҳужжатлар ва тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш учун гаров воситалари хусусида тушунчалар бериб ўтишди.

Олиб борилган тизимли чора-тадбирлар натижасида ҳозирда 32782 дан ортиқ юртдошларимиз кредит олиш, тадбиркорлик бошлашга хоҳиш билдирганлар, ҳозирда шулардан 19295 дан ортиғига 116,9 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилган.

Тадбир сўнгида матбуот анжуманида қатнашган ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.  

Гулшода ЖУМАНИЁЗОВА,

“Туркистон-пресс"