2017-04-19 13:13:00

“UZMOBILE” – ЮКСАЛИШНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

Тошкентда Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг “Медиа-ҳолл” мажмуасида  UZMOBILE GSM ҳамкорлигида миллий алоқа операторининг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширилаётган ишлар билан жамоатчиликни яқиндан таништириш мақсадида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Ахборот Технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги масъул ходимлари ва журналистлар иштирок этиб, бугунги кунда мазкур соҳада амалга оширилаётган самарали ишлар хусусида маърузалар тингланди.

Тадбирда таъкидланганидек, Тошкент шаҳридаги GSM стандартли тармоқ операторлари ўртасида ўлчов натижаларига мувофиқ UZMOBILE овозли сервислар бўйича энг яхши сифатли натижаларни кўрсатди ва ўз абонентларини энг яхши сифатли овоз ва Тошкент шаҳри ҳудудида маълумотлар узатишни таъминловчи оператор номига сазовор бўлган.

Маърузачилар компаниянинг бу йилга мўлжалланган режалари билан йиғилганларни таништирдилар. Унга кўра, 2017 йилда бутун мамлакат бўйлаб, нафақат вилоят марказларида, балки туман марказларида ҳам тармоқни янада яхшилаш ва кенгайтириш учун 1500 та янги база станцияларини қуриш ва фойдаланишга топшириш кўзда тутилган. Бундан ташқари “Электрон ҳукумат” тизимини ривожланиш Маркази билан ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумининг имзоланиши доирасида, абонентларга 80 давлат идоралари веб-сайтларига бепул уланиш имконини берувчи “Халқ билан мулоқот” хизмати ишга туширилди. 

Тадбир якунида журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоблар берилди.

Гулшода ЖУМАНИЁЗОВА,

“Туркистон-пресс”