2017-04-19 15:25:00

ИНҲА УНИВЕРСИТЕТИ БЕЛАРУСЬ РЕСПУБЛИКАСИ БИЛАН ҲАМКОРЛИК ҚИЛАДИ

Тошкентдаги Инҳа университети ва Беларусь Юқори технологиялар парки таълим маркази IT-мутахассисларни тайёрлашда ҳамкорлик қиладилар.

Шу муносабат билан 17 апрель куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) ва Беларусь Юқори технологиялар парки англашув меморандумини имзоладилар.

Меморандум Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи Шерзод Шерматов бошчилигидаги делегациянинг Минск шаҳрига ташрифи доирасида имзоланди. Делегацияда Инҳа университети маъмурияти вакиллари ҳам бор.

Инҳа университети ва Беларусь Юқори технологиялар парки таълим маркази ўртасидаги меморандумнинг асосий мақсади томонларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришдир.

Меморандум доирасида томонлар IT-мутахассисларни тайёрлашда ва қайта тайёрлашда ҳамда уларнинг малакаларини ошириш борасида тажриба алмашишга келишиб олдилар.

Шунингдек, таълим муассасалари Ўзбекистон ва Беларусь дастур ишлаб чиқариш саноати ва ахборот технологиялари соҳасини ривожлантиришга ўз ҳиссаларини қўшадилар.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”