2017-04-19 18:34:00

ГАНДБОЛЧИЛАР БАҲСИДА САМАРҚАНД ВАКИЛЛАРИ ҒОЛИБ БЎЛДИ

Наманган шаҳридаги спорт ўйинлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабида 1998-2000 йилларда туғилган қизлар ўртасида гандбол бўйича мамлакат чемпионати ўтказилди.

Ўзбекистон гандбол федерацияси, Наманган вилоят ҳокимлиги, вилоят жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Андижон, Тошкент вилоятлари ҳамда пойтахтимиздан келган саккизта жамоа иккита гуруҳга бўлинган ҳолда беллашди.

“Айлана” тарзида бўлиб ўтган мусобақа ҳар бир қатнашчига, айниқса, Жиззах мезбонлик қиладиган “Баркамол авлод-2017” спорт ўйинларининг финал босқичига борадиган жамоалар учун ёшлик ва спорт байрами олдидан муҳим тайёргарлик вазифасини ўтаб берди. Хусусан, Наманган вилояти терма жамоаси мураббийси Мухторжон Ҳафизов ҳам шогирдларининг маҳорати ва имконияти қай ҳолатда эканини яна бир бор чамалаб олди.

Ўз гуруҳида Нукус жамоасини 33:26, сурхондарёлик тенгдошларини 30:23 ҳисобида мағлубиятга учратган мезбонлар жамоаси андижонликларга бир тўп фарқи билан (38:39) енгилиб, гуруҳда иккинчи бўлдилар.

Мусобақа низомига кўра, гуруҳларда етакчилик қилган жамоалар ғолиблик учун майдонга тушган бўлса, иккинчи ўринни эгаллаган гандболчилар кучли учликка кириш учун рақобатлашдилар. Ҳал этувчи учрашувда Андижон вилояти гандболчиларини 29:27 ҳисобида енган самарқандлик қўл тўпи усталари чемпионлик мақомига эга бўлишди. Қашқадарё вилояти жамоасини 23:21 ҳисобида мағлубиятга учратган наманганлик қизлар бронза медаллари билан тақдирландилар.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,

“Туркистон-пресс”