2017-04-19 18:32:00

ДЕПУТАТЛАР ФУҚАРОЛАР МУАММОЛАРИНИ ҲАЛ ЭТИШДА ЁРДАМ БЕРМОҚДА

Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш ҳамда ўз ваколатлари доирасида жойларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтсодий ислоҳотларнинг бориши, аҳолининг турмуш фаровонлигининг таъминланаётганлиги юзасидан таъсирчан депутатлик назоратини олиб бориш асносида фуқароларни ўйлантраётган муаммоларни ҳал этишда ҳам ташаббус кўрсатяптилар.

Бу борадаги ишларнинг натижасини билиш мақсадида маҳаллий Кенгашлардаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоларига мурожаат қилган фуқароларнинг фикрлари қуйидагича бўлди:

 Ҳулкарой Ўлмасова, Қўрғонтепа тумани, Тошлоқ маҳалласи, Ихлос кўчасида истиқомат қилади, уй бекаси:

—Очиғини айтсам, депутатларимиз уйимизга келмагунларига қадар уларнинг фаолиятидан хабардор эмасдим. Биз билан суҳбат ўтказишганда уларнинг гапи доимгидек баландпарвоз гаплар, бир келади, бошқа келмаса керак, деб ўйлагандим. Аммо маҳалламиздаги айрим хонадонларнинг муаммоларини қайта келиб ўрганиб, уларни ҳал этиш учун давлат ташкилотлари ходимларини жалб қилганликларини кўриб, депутатларимизга нисбатан ишончим ортди.

Машҳура Рўзибоева, Қўрғонтепа тумани, Матонат кўчасида истиқомат қилади, вақтинча ишсиз:

—Коллежни тамомлаб, бир неча йил иш изладим, аммо ўзимга муносиб иш топа олмадим. Туманимиздаги “Best textle”да Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгашидаги депутат Муҳаббат Йўлдошева фуқароларни қабул қилаётганлигини эшитиб, ишга жойлаштиришда ёрдам сўраб бордим. Шу кунни ўзида муаммом ҳал этилди.Депутатимиз кўмагида “Best textle” ишлаб чиқариш корхонасига ишга қабул қиладиган бўлишди. Ҳозирда ишга жойлашиш учун зарур ҳужжатларни тўплаяпман.

Зафаржон Қобулов, Бўз туманидаги 22-сонли мактаб директори:

—Бир неча йилдан буён мактабимизда тоза ичимлик суви йўқлиги боис ўқувчиларимиз қийналишарди. Бу масалада бир нечта ташкилотга мурожаат қилганмиз. Аммо бирор натижа чиқмади. Охир-оқибат жамоамиз билан депутатга мурожаат қилишга мажбур бўлдик. Туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг аъзоси Феруза Рустамова мазкур масалани куюнчаклик билан ўрганди.  Туман “Сувоқава” бўлимига депутатлик сўрови юбориш орқали масалани ижобий ҳал этди. Муаммоларни депутатлар орқали ҳал этиш бирмунча самарали усул эканлигига яна бир бор амин бўлдим.

Юсупов Абдумўмин, Улуғнор туманидаги “Учкўприк” МФЙ фаоли:

—Депутатлар фаолияти охирги пайтлар анчайин жонланди. Улар аҳолининг ҳимоячисига айланди, деб бемалол айта оламан. Мана, яқинда маҳалламиздаги яроқсиз ҳолга келиб қолган бетон столбаларни алмаштиришда депутатларимиз кўмагидан фойдаландик. Туман Кенгашига O‘zLiDePдан сайланган депутат Умаржон Абдуллаев мурожаатимизни эътиборсиз қолдирмай, туман электр тармоқлари корхонаси мутасаддиларига депутатлик сўрови юборди. Ҳеч қанча вақт ўтмай маҳалламизга янги электр устунлари ўрнатилди. Энди кўнглимиз хотиржам, кўчаларимиз ҳам янада чирой очгандек. Аҳолининг оғирини енгил қилаётган депутатларимиз барака топсин!

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс”