2017-04-19 18:43:00

“ҲУҚУҚ БИЛИМДОНЛАРИ” ТАНЛОВИНИНГ ТУМАН БОСҚИЧЛАРИ БЎЛИБ ЎТМОҚДА

Пойтахтимизнинг Учқудуқ туманидаги  7-мактабда умумтаълим мактабларининг 8—9-синф ўқувчилари ўртасида “Ҳуқуқ билимдонлари” Республика кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.

Ўқувчиларда ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш, фаол фуқаролик позицияси ва мустақил қарор қабул қилиш кўникмасини ривожлантириш, бу орқали улар ўртасида ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш мақсадида ўтказилган танловда туман мактабларининг  8-9 синф ўқувчиларидан тузилган гуруҳлар иштирок этди.

 Жамоалар 3 та шарт асосида баҳоланди. Биринчишартда “Давлат ва ҳуқуқ асослари”, “Тарих” ҳамда “Она тили ва адабиёт” фанларидан 25 та тестга жамоавий тарз­да жавоб берган ўқувчилар иккинчи шартда ҳуқуқий билимларини намоён этдилар. Бунда ўқувчилар “Давлат ва ҳуқуқ асослари”, “Тарих” ва “Миллий истиқлол ғояси” ҳамда “Президент асарлари” юзасидан топширилган 3 тадан саволга жавоб беришди. Танловнинг учинчи шарти “Саҳна кўриниши” бўлди. Унда жамоалар вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар, уларнинг ёшлар келажагига ва ҳаётига салбий таъсири, олдини олиш чоралари бўйича саҳна кўринишини намойиш этдилар.

Танлов  якунига кўра, тумандаги 1-ўрин 20-мактаб, 2-ўрин 7-мактаб, 3-ўрин эса 18-мактаб ўқувчилари жамоасига насиб этди. 

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс”