2017-04-19 19:00:00

ТРОМПОЛИН: НАМАНГАНДА МАМЛАКАТ ЧЕМПИОНАТИ ЎТКАЗИЛДИ

Наманган шаҳридаги “Паҳлавон” спорт мажмуаси илк маротаба трамполин бўйича Ўзбекистон чемпионатига мезбонлик қилди.

 Мазкур мусобақада болалар ва ўсмирлар, қизлар ва ёшлар жамоалари ўзаро куч синашди. Айниқса, Тошкент шаҳри, Андижон, Наманган, Фарғона ва Самарқанд вилоятлари вакиллари ўртасидаги беллашувлар қизғин тус олди. Мусобақанинг дастлабки кунида иштирокчилар батутда сакраш бўйича яккалик, иккинчи кунида эса акробатик йўлакчадаги машқлар бўйича ўз салоҳиятларини кўрсатдилар.

— Бундай мусобақалар спортчиларимиз учун катта аҳамиятга эга. Аксарият болалар ва ўсмирлар учун бу дастлабки жиддий баҳслар бўлишига қарамай, ўз иқтидорини тўлиқ намойиш этиб беришди, — дейди Наманган вилояти терма жамоаси бош мураббийи Руслан Камолов. — Яна бир жиҳат шундаки, чемпионат трамполинчилар сафи кенгайиб бораётганини амалда кўрсатди. Иштирокчилар сони 150 нафардан ошгани ва улар муайян кўникма ва тоифага эга бўлиб бораётгани барчани қувонтиради.

Мусобақа якунларига кўра, энг юқори натижага эришган Тошкент шаҳри жамоаси ғолиб сифатида эътироф этилди. Фарғона ва Наманган вилоятлари спортчилари эса мос равишда иккинчи, учинчи ўринларни эгалладилар.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,

“Туркистон-пресс”