2017-04-19 18:46:00

ОДАМЛАРНИ ЭШИТИШ, ДАРДИГА ДАРМОН БЎЛИШ — РАҲБАРЛАРНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАСИ

Ҳаётда бирон-бир муаммога дуч келган одам аввало дардини ким биландир бўлишгиси келади. Шундай лаҳзада сизни кимдир диққат билан эшитса, бир оғиз ширин сўз билан таскин берса, руҳиятингиз енгиллашиб, мушкулингиз осонлашгандай бўлади. Кўпинча тўғри берилган йўл-йўриқ туфайли кишида муаммони енгишга ишонч пайдо бўлади. Сизни эшитиш, сизга таскин бериш билан чекланмай, амалий ёрдамга қўл чўзилганда эса одам ўзини чин маънода бахтли ҳисоблайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилингани замирида одамларнинг дардига дармон бўлиш, халқимизнинг ҳар бир вакилини бахтли кўриш ҳикмати мужассам.

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати масъул ходимларининг сайёр қабуллари ташкил этилаётгани турли соҳа ва тармоқлар раҳбарларининг аҳоли ҳузурига келиб, уларнинг муаммоларини эшитиб, ҳал этишга камарбаста бўлаётгани жорий йилдан халқимиз кутган амалий натижалардандир.

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида ташкил этилган сайёр қабулда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилаётган сайёр қабуллар аҳоли дуч келаётган муаммоларни ҳал этишга қаратилгани таъкидланди. Бу жараёнда ҳар бир соҳа масъуллари ўзига тегишли масала билан келган фуқарони диққат билан эшитиб, унинг мурожаати ечимини топгунча уни ўз назоратига қатъий олиши шартлигига эътибор қаратилди.

Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига мувофиқ Халқ қабулхоналарига ва Виртуал қабулхонага келиб тушган мурожаатлар “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қатъий амал қилган ҳолда, тўлиқ, холис ва ўз вақтида кўриб чиқилади.

Сайёр қабул давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига Мирзо Улуғбек тумани аҳолиси томонидан йўлланган мурожаатлар атрофлича кўриб чиқилди.

Мазкур тумандан тушган мурожаатлар соҳалар бўйича ўрганилганда уларнинг асосий қисмини уй-жой олиш, уй қуриш учун ер ажратиш, суд, банк-молия, моддий ёрдам, пенсия таъминоти ҳамда соғлиқни сақлаш, меҳнат, бандлик, таълим, тадбиркорлик, ободонлаштириш каби масалалар ташкил этиши маълум бўлди.

Фуқаролардан келиб тушган бундай мурожаатлар ҳар томонлама таҳлил қилиниб, уларнинг юзага келиш сабаблари ўрганилди. Бунда кўп ҳолларда айрим мутасадди раҳбарлар ўз вазифасига лоқайдлик ва масъулиятсизлик билан ёндашаётгани кўрсатиб ўтилди. Одамларни ҳаётдан рози қилиш, қонуний мурожаатларини эътиборсиз қолдирмасдан қисқа муддатда ҳал қилиш давлат идоралари раҳбарларининг биринчи даражали вазифаси экани ва уларнинг фаолиятига ана шу мезондан келиб чиққан ҳолда баҳо берилишига урғу бериб ўтилди.

Сайёр қабул жараёнида фуқаролар ва тадбиркорлар ўзларини қийнаётган муаммолар юзасидан бевосита тегишли соҳаларга масъул раҳбарларга мурожаат қилиш ва улар юзасидан жавоб олиш имконига эга бўлди. Шу куни мурожаатларнинг аксарият қисми жойида ечимини топди, қўшимча ўрганиш ва вақт талаб қиладиган мурожаатлар бўйича мутасадди идора ва ташкилотлар вакилларига топшириқлар берилди.

Мисол учун, фуқаро Лобар Мирзаевага қон касаллиги юзасидан шу ернинг ўзида бепул даволаниш учун ордер берилиши маълум қилинди.

– Фуқаролар билан ташкил этилаётган бундай очиқ мулоқотлар жараёнида кўпчиликнинг мушкули осон бўлаётир, – дейди соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Элмира Боситхонова. – Айтиб ўтиш керакки, айрим кишилар ўз ҳақ-ҳуқуқларидан яхши хабардор эмаслиги, қачон, қаерга мурожаат қилишни билмаслиги туфайли овора бўлади. Тан олиш керак, айрим ҳолларда қуйи бўғин раҳбарларининг масъулиятсизлиги оқибатида вақтида тиббий ёрдам ололмаётганлар ҳам учраб турибди. Ана шундай ҳолларда сайёр қабуллар аҳолининг жонига ора кирмоқда.

Фуқаро Малика Охунжонова ногиронлиги боис юришга қийналиши, иложи бўлса, ногиронлик аравачаси ажратилишини сўраб мурожаат қилди. Унинг мурожаати мутасаддилар томонидан асосли деб топилиб, икки кун муддатда илтимоси қаноатлантириладиган бўлди.

Термизлик Мукаррам Раҳмонова Тошкент шаҳридан уй-жой сотиб олиш ва пропискага кириш масаласида келган экан. Унинг талаби бўйича ички ишлар органлари ходимлари бу борадаги қонун-қоида бўйича тушунтириш берди.

Сайфиддин Жалолов тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилинаётгани юзасидан мурожаат қилган. Тадбиркор дуч келаётган муаммони тезкорлик билан бартараф этиш юзасидан шу ернинг ўзида мутасаддиларга топшириқ берилди.

Айрим фуқаролар маҳаллалардаги кўчалар аҳволи ёмонлиги, уларни таъмирлаш вақти келганини, айримлар коммунал хизмат кўрсатишнинг қониқарсизлиги, болалар майдончаларини қуриш зарурлигини билдирди. Халқимиз манфаатига хизмат қиладиган бу масалаларни ҳал этиш туман ҳокимлигига топширилди.

– Мулоқот жараёнида ҳудудимизда ечимини кутаётган муаммолар кўплиги аён бўлди, – дейди Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шерзод Кудбиев. – Уларни тезкорлик билан ечиш, аҳоли билан маҳаллий раҳбарларнинг очиқ мулоқотини тез-тез ташкил этиш зарурлигини ўзимизга вазифа қилиб олдик. Ҳар бир хонадонга кириш ва уларнинг муаммоларини ечишга масъулмиз.

Тадбир давомида аҳолига яратилаётган қулайликлар – янги уй-жойлар қурилиши, йўллар таъмирланиши, ижтимоий соҳа объектлари бунёд этилиши билан боғлиқ маълумот берилди. Бундай бунёдкорлик ишлари давлат бюджети маблағлари асосида амалга оширилади. Бюджет аҳолидан тушадиган турли йиғимлар эвазига шакллантирилади. Лекин буни қарангки, туман аҳолисининг биргина газдан қарздорлиги 28 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Доно халқимиз қарс икки қўлдан чиқади деганидек, аҳоли ҳам зиммасидаги масъулиятни унутмаса, туманнинг ижтимоий аҳволи янада яхшиланган, халқ фаровонлиги ошган бўларди.

Норгул Абдураимова, ЎзА