2017-04-20 15:22:00

“СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ — TIHE 2017” КЎРГАЗМАСИ БЎЛИБ ЎТМОҚДА

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” кўргазмалар залида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирликлари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, “Ўзфармсаноат” акциядорлик концерни, “Ўзтибтехника” масъулияти чекланган жамияти, Стоматологлар уюшмаси ва “ITE Uzbekistan” халқаро кўргазма компанияси ҳамкорлигида “Соғлиқни сақлаш — TIHE 2017” кўргазмаси иш бошлади.

Унда 18 мамлакатдан 200 дан ортиқ компания ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда.

Тиббиёт техникаси ва ускуналари, фармацевтика маҳсулотлари, хом ашё ва технологиялар, стоматология жиҳозлари ҳамда эстетик тиббиётга оид стендларни қамраб олган кўргазмада касалликларга аниқ ва чуқур ташхис қўйиш, жарроҳлик муолажаларини замонавий усулларда бажаришга ихтисослашган юқори технологиялардан тортиб лаборатория-таҳлил соҳасида яратилган янги ишланмалар, неонатология, скрининг хизмати, педиатрияга оид ихтиролар, фармсаноат ютуқлари кенг намойиш этилаётир.

Кўргазма доирасида лаборатория ва диагностика соҳасида қўлланилаётган янги технологиялардан фойдаланишнинг самарали усулларига оид илмий-амалий семинарлар ўтказилиши режалаштирилган.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс” мухбири

 

ЎзА олган сурат.