2017-04-20 15:28:00

МАҚСАД — ЭЛ САЛОМАТЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

Маълумки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йил 4 апрелда “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. “Туркистон-пресс” ахборот агентлиги мухбири мазкур қарорнинг аҳамияти ҳақида суҳбатлашиш мақсадида Республика онкология илмий маркази бош шифокори Одилжон АҲмедовга бир неча саволлар билан мурожаат қилди.

— Одилжон Муҳаммаджонович, суҳбатимизни яқинда қабул қилинган қарорга Сизнинг муносабатингиздан бошласак.

— Аввало шуни таъкидлаш жоизки, мазкур қарор ўз вақтида қабул қилинди ва жуда муҳим экани билан аҳамиятли. Мустақилликнинг дастлабки йилларидан юртимизда ижтимоий тизимга алоҳида аҳамият берилмоқда. Бунга жуда кўп мисоллар келтириш мумкин. Айнан ушбу қарорга тўхталадиган бўлсак, унда белгиланган ҳар бир босқичнинг ўз вазифаси бор. Биринчи бос­қичда профлактика, яъни юртдошларимизда пайдо бўлиши эҳтимол тутилган ўсмани эрта аниқлаш ва унинг омилларини бартараф этиш. Ушбу касалликка олиб келадиган интереген таъсирлар ҳамда ташқи таъсирларни инкор этиш орқали онкологик касалликларни камайтириш кабилар назарда тутилган. Яна бир йўналиши — хасталикни барвақт аниқлаш, барвақт тасдиқлаш ва эрта даволаш. Шу сабабли аниқлаш бўйича скрининг текширувлар дунёдаги ривожланган давлатларда кенг йўлга қўйилган. Ана шу усулларни ўзимизда ҳам қўллаш назарда тутилган. Бугунгача ҳам бу турдаги текширувни республикамизда қўллаш бошланган эди. Қабул қилинган қарорда буни айрим онкологик касаллик турларига янада кенгроқ ва чуқурроқ қўллаш келтирилган. Натижада ҳар бир ҳудудда бу касалликка чалинишларнинг, касалликнинг хавфлилик даражасини аниқлаш ва қайси гуруҳга киритиш имконини беради. Бунда касаллик ўсмага ўтмасдан претак ҳолатида аниқланиб, самарали даво қўлланади ва касалликнинг ракка ўтиб кетишига йўл қўйилмайди. Бу — биринчи ҳолат.

Иккинчи ҳолат: агар хасталик ўсма ҳолатига ўтган бўлса ҳам эрта аниқланган касаллик биринчи босқичда аниқланса, юз фоиз даволаш имконияти мавжуд. Халқимизда бир тушунча бор: онкологик касалликларга чалинган бемор тузалмайди. Бу нотўғри. Агар касаллик биринчи, айрим турларида иккинчи босқичда аниқланса ҳам даволаш юз фоизлик самара беради.

— Бугун республикамизда қандай онкологик касалликлар кўп учрамоқда? Уларга қарши курашишнинг самарали усуллари мавжудми?

— Онкологик касалликлар билан ҳар қандай тўқима ёки бутун бошли бирор аъзо касалланиши мумкин. Ўзбекистонда онкологик касалликларнинг барча турлари аввал ҳам мавжуд бўлган, ҳозир ҳам бор. Статистик маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда кўп учраши бўйича кўкрак бези саратони кузатилмоқда. Шунингдек, меъда саратони, колерактал саратон, қизилўнгач линфомалари ва аёлларда бачадон бўйни саратони мамлакатимизда энг кўп учрайдиган саратон турларига киради. Будай касалликнинг бошқа турлари камроқ учрайди. Саратон касалликлари эрамиздан аввал ҳам бўлган. Археологик қазилмаларда одам суякларида ўсманинг емирилишига хос ҳолатлар аниқланган. Демак, бу янги касаллик эмас, ҳатто ҳайвонларда ҳам ўсма касаллиги учрайди. Уларга қарши курашишнинг энг самарали усули —  нафақат саратон, балки барча касалликларда соғлом турмуш тарзига ва тўғри овқатланиш қоидаларига амал қилиш.

— Онкология муассасаларига саратонга ташхис қўядиган замонавий ускуналарнинг татбиқ этилиши қандай самара бермоқда?

— Тиббиёт бутун дунё бўйича тез ривожланмоқда. Айниқса, нанотехнологиялар, ультразамонавий тиббиёт асбоб-ускуналари йилдан-йилга такомиллашган ҳолда ишлаб чиқарилмоқда. Ҳукуматимиз томонидан тиббиётга, айнан онкология соҳасига доимий эътибор қаратиб келинган. Масалан, 2012 йилда Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ барча онкологик муассасалар капитал таъмирдан чиқарилиб, замонавий ускуналар билан таъминланди. Қабул қилинган янги қарор ҳам айни муддао бўл­ди. Унда кўрсатиб ўтилган вазифалар, хусусан, онкологик муассасаларни, онкологик хизматни яхшилаш, биноларни капитал таъмирлаш ва қайта қуриш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, Ўзбекистондаги барча 15 та онкологик муассасаларни энг замонавий магнит-резонанс томография (МРТ), мультислайс компьютер томография билан таъминланади.

— Қарорда “Да Винчи” роботлаштирилган жарроҳлик комплекси ва гамма тиғ сингари ноёб ускуналарни амалиётга жорий этиш назарда тутилган. Шу ҳақда ҳам тўхталсангиз.

— Сиз таъкидлаган компьютер томографиянинг энг янги авлоди — Позитрон имигрон томография ва даволаш ускуналари гамма тиғ, кибер тиғ радиотерапевтик ускуналар ўсманинг айнан ўзига таъсир қиладиган ускуналарни олиб келиш назарда тутилган бу қарорда. Бундан ташқари, “Да Винчи” робот жарроҳлик тизими комплектини олиб келиш режалаштирилган. Бу робот энг замонавий жарроҳлик ускунаси бўлиб, жарроҳлик жараёнида жарроҳ чеккада туриб, махсус ускуна ёрдамида бошқарилади ва бемор ўта тоза шароитда бўлади. Қорин ва кўкрак бўшлиқларига маълум бир тешиклар орқали роботнинг қўллари киритилиб, махсус камера ёрдамида жуда катта катталаштирилиб, инсон фактори — қўлнинг қалтираши ва бошқа ҳолатлар учрамайди. Шундай экан, жарроҳлик амалиётлари жуда катта аниқлик билан амалга оширилади.

— Соҳага малакали кадрларни жалб этиш масаласи қандай ҳал этилмоқда?

— Қарорда кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, малакасини ошириш бўйича аниқ кўрсатмалар белгилаб берилган. Яъни, бир йилда неча шифокор, неча тиббий ходим, нечта кичик тиббий ходимлардан неча нафар тайёрлаш, бунга қайси вазирлик ва муассасаларнинг муассислик қилишларигача айтиб ўтилган. Истисно тарзида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирига, зарурат бўлганда, республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг филиалларига ходимларнинг умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи ҳам берилган. Ҳозирга қадар радиотерапевтик ускуналарда ишлайдиган тиббий ходимлар, физиклар тайёрлаб келинарди. Бу қарор ижросини таъминлаш натижасида ана шу ўқитиш ва қайта тайёрлаш ишлари янада жадаллашади. Ва қарорда онкология соҳасига кириб келаётган янги ускуналарда ишлашга ихтисослашган мутахассисларни тайёрлашни ҳам жорий этиш келтириб ўтилган.

 Ҳозиргача Ҳиндистоннинг “Браво фарма” компанияси, Россиянинг Н.Н.Блохин номидаги онкология илмий маркази билан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Япониялик, кореялик ва бир қанча Европа мамлакатлари мутахассислари билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари янада кучайтирилмоқда. Ўзбекистондаги мутахассисларнинг чет элларга бориб ўқиб келишлари, етакчи мутахассисларнинг юртимизга келиб, маҳорот мактаблари ва беморлар кўрикларини ўтказишлари ташкил этилмоқда. Бу семинар ва кўриклар фақатгина Тошкент шаҳрида эмас, барча ҳудудлардаги онкологик диспансерларда ҳам ташкил этилмоқда. Бу ишлар кўлами ва самараси қарор ижросини таъминлаш давомида яна кенгайтирилади.

Фарғона вилоятида тажриба сифатида қизилўнгач, меъда ва коллоректал саратон касалликларини аниқлашга йўналтирилган скрининг тадқиқотлари марказини очиш ҳақида ҳам фикрлашсангиз.

— Скрининг текшируви жуда катта маблағ талаб этадиган текширув ҳисобланади. Бугун манаман деган иқтисодиёти ривожланган давлатларнинг барчаси ҳам скрининг текширувни ўтказишга қодир эмас. Аммо ҳукуматимизнинг онкология тизимига, аҳоли саломатлигига эътибори юқорилигининг яна бир белгиси мана шундай скрининг текширувлар ўтказилишининг жорий этилишидир. Бу — жуда катта ютуқ. Скрининг текшируви онкологик касалликларнинг энг дастлабки босқичида аниқлашнинг самарали усули ҳисобланди. Аммо скрининг текширувларни барча онкологик ўсма касалликларда қўллаш мақсадга мувофиқ эмас. Одатда скрининг текширувлари энг кўп учрайдиган долзарб саратон турларида қўлланади. Юқорида таъкидлаганимиздек, кўкрак бези, бачадон бўйни саратонида ҳозир скрининг текширувлар амалга оширилади ва вилоятларда қизилўнгач, ўпка ва меъда саратонларида синов тариқасида скрининг текширувлар олиб борилмоқда. Агар бу яхши самара берса, республикамизнинг барча ҳудудларида ушбу текширувга ўтилади.

— Бугунги кунда қарор ижросини таъминлаш ва онкологик касалликлар профилактикаси борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Қарор ижросидан келиб чиқиб, онкологик касалликларнинг олдини олиш, ташхис қўйиш билан бирга даволашда илмий тад­қиқотлар доирасини кенгайтириш, жаҳон тажрибасини маҳаллий амалиётга татбиқ этиш назарда тутилган. Шунингдек, бугунги кунда ўсмага қарши ишлаб чиқилган препаратларнинг қимматлигини ҳисобга олиб, маҳаллий перепаратлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳам мазкур қарорда келтириб ўтилган. Натижада аҳолини препаратлар билан таъминлаш 33 фоиздан 90 фоизгача, аҳолининг даволашнинг юқори технологик турларига бўлган эҳтиёжларини эса 70 фоизгача етказиш мумкин.

“Биз қандай қилиб онкологик касалликларнинг олдини олишимиз мумкин?” деган табиий савол туғилади. Биз мана шу хавфнинг омилларини қанча эрта бартараф қилсак, онкологик касалликларнинг олдини шунча барвақт олган бўламиз. Яъни, онкологик касалликларга қарши курашишнинг энг самарали усули — уни эрта аниқлаб, илк босқичда олдини олиш. Бунинг учун атроф-муҳит озодалигига эътибор бериш, соғлом турмуш тарзини яратиш, тўғри овқатланиш, зарарли одатлардан воз кечиш, ҳар хил сурункали яллиғланишларни ўз вақтида даволатиш касалликнинг олдини олишга хизмат қилади.

“Туркистон-пресс” мухбири

Фаррух АБДУҲАМИДОВ суҳбатлашди.