2017-04-20 15:25:00

“АГРОБАНК”: ТАРАҚҚИЁТДА ҲАР ДОИМ ҲАМҚАДАМ

“Агробанк” акциядорлик тижорат банки томонидан Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида янгича ёндашувлар билан аҳолини тадбиркорликка етаклаш мақсадида “Аҳолини тадбиркор қилиш” шиори остида комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланган. Бу ишлар исботини олиб борилаётган кенг кўламли ишларда ҳам яққол кўриш мумкин. Жумладан, мазкур комплекс дастурни амалиётга татбиқ этиш учун банкнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоят бошқармалари ҳамда мавжуд 177 та филиалда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш учун микрокредитлар бериш мақсадида алоҳида бўлимлар фаолияти йўлга қўйилиб, аҳолига ушбу хизмат турларини ўз вақтида тақдим этишга жами 2060 нафар банк ходими жалб қилинди.

“Агробанк” АТБ томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш аҳолининг шахсий томорқалардан самарали фойдаланишларини ташкил этиш мақсадида жорий йилнинг шу кунига қадар 1 миллион 260 мингдан зиёд хонадон қамраб олинди. Бунда аҳоли кўпроқ боғдорчилик, чорвачилик, ихчам иссиқхона қуриш, паррандачилик, ҳунармандчилик, касаначилик, турли хизматлар кўрсатиш каби соҳалар билан шуғулланиш истагини билдирган.

 Бугунги кунда мамлакатимиз банк тизимини изчил ва аниқ мақсад йўлида ислоҳ қилиш, молия муассасаларининг иқтисодиётимизни ривожлантиришдаги ролини ошириш, уларнинг капиталлашув даражасини кучайтириш, иқтисодиётнинг реал секторини кредитлаш кўламларини кенгайтириш ҳамда кўрсатилаётган банк хизматлари сифатини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, “Агробанк” акциядорлик тижорат банки ҳам бозор иқтисодиёти шароитида барча соҳа ва тармоқларнинг изчил фаолият юритишида фаол иштирок этмоқда.

Ҳисобот санасига кўра банкнинг кредит қўйилмалари 3 триллион 968 миллиард сўмни ташкил қилиб, жорий йилнинг 1 январига нисбатан 965 миллиард сўмга ёки 132 фоизга ўсди. Шунингдек, 2017 йилнинг биринчи чорагида иқтисодиётнинг турли йўналишлардаги тармоқларини молиялаштиришга 1 триллион 738 миллиард сўм, шундан банкнинг ўз маблағлари ҳисобидан 916 миллиард сўм кредитлар ажратилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 753 миллиард сўмга кўп деганидир.

Жорий йилнинг ўтган даврида банк томонидан биргина кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга 334 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Шунингдек, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлашга 92 миллиард, ноозиқ-овқат товарлар ишлаб чиқаришга 78 миллиард, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришга 25 миллиард сўм миқдорида кредитлар йўналтирилди. Шунингдек, тадбиркор аёлларнинг истиқболли лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашга 36 миллиард, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни кенгайтиришга 6,6 миллиард, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига 9,4 миллиард сўм кредитлар ажратилди.

— Қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш борасида кўпдан бери ният қилиб юрардим, — дейди Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳридаги “М.Улуғбек” МФЙда истиқомат қилувчи якка тартибдаги тадбиркор Наргиза Абдуқаҳҳорова. — Аммо уни амалга ошириш учун менда етарлича маблағ йўқ эди. Президентимизнинг микрокредитлар ажратиш бўйича қабул қилган қарори фаолиятимни бошлашда мадад бўлди. Қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга оид бизнес-режа тузиб, банкка тақдим этдим. Тўғриси, ишни бошлашда қийинчиликлар ҳам бўлди. Бироқ банк ходимлари кредит ажратиш борасидаги муаммони тезда ҳал қилиб беришди. Бунда давлатимиз раҳбари томонидан аҳолини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш борасида ҳудудларда олиб бораётган ислоҳотларини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу эса биз каби тадбиркорликни бошлаётганларнинг йўлини очмоқда. Аслида ҳам тадбиркор ўз оиласи, маҳалласига нафи тегиши, юрт фаровонлигига имкон қадар ҳисса қўшишга интилади.

Ўзбекистонда кузатилаётган бар­қарор ўсиш суръатлари ҳақида гап кетганда, авваламбор, иқтисодиётимизга йўналтирилаётган капитал маблағлар, инвестициялар тобора ўсиб бораётгани билан изоҳланади. Бинобарин, республикада фаол инвестиция сиёсати юритилиб, иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш ва янгилаш бўйича изчил чоралар амалга оширилаётир. Бу жараённинг фаол иштирокчисига айланган “Агробанк” АТБ фаолиятида инвестициявий лойиҳаларни молиялаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Молия муассасаси томонидан ҳисобот даврида ажратилган инвес­тицион кредитлар миқдори 198 миллиард сўмни ташкил этиб, белгиланган параметр ижроси таъминланди. Ушбу кредитлар саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва транспорт, моддий-техник таъминотга ҳамда иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига йўналтирилди.

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган дастурларга мувофиқ мазкур молия муассасаси томонидан 2017 йил давомида 5 минг 908 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган. 2017 йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра жами 719 та лойиҳа учун 110,2 миллиард, шундан 25 миллиард сўм банк кредитлари ҳисобига молиялаштирилди. Пировардида 4 минг 300 тадан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилди.

Мазкур банк томонидан 14 та иқтисодий ночор корхонани қўллаб-қувватлашга 41,7 миллиард сўм миқдорида инвестиция киритилди. Жумладан, замонавий технологиялар харид қилишларига 9 миллиард сўм миқдорида маблағлар ажратилди. Киритилган инвестициялар ҳисобига банкрот корхоналар ўрнида 7,8 минг тонна озиқ-овқат, 6159 тонна тўқимачилик, тери маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи янги корхоналар барпо этилди. Натижада 624 нафар киши иш ўрнига эга бўлди.

Ҳисобот санасига банк томонидан ўрнатилган терминаллар сони 30776 тага, тарқатилган пластик карточкалар сони 3 миллион 704 минг донага етказилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан мос равишда 2298 та ва 382 мингтага ошди. Шунингдек, пластик карталардаги маблағлардан мобиль телефон ва интернет орқали тўловлар тўлаш имкония­ти яратилиб, ушбу хизматдан фойдаланаётган мижозлар сони 939 мингтадан, “Мобиль савдо” хизмат турига жалб қилинган савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари сони 6952 тадан ошди.

Ўтган 2016 йилда “Agrobank­mobile” инновацион хизмат тури жорий этилиб, ушбу хизмат орқали турли коммунал ва алоқа хизматлари, солиқ тўловлари билан биргаликда жисмоний шахсларга ажратилган кредитларни қайтариш имконияти яратилди. Шунингдек, мижозларга яратилаётган хизматлар кўламини кенгайтириш мақсадида “Agrobankmobile-biznes” хизмат тури орқали юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун банк ҳисобрақамидаги маблағларини бошқариш имконияти жорий қилинди.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири