2017-04-20 16:07:00

ЎЗБЕКИСТОНЛИК ПРОФЕССОР TWAS МУКОФОТИНИНГ СОҲИБИ

Халқаро Фанлар академияси (The World Academy of Science, TWAS) ривожланаётган мамлакатларга фан ва инжинирингнинг ривожланишида яқиндан кўмак беради. Академия ҳар йили ривожланаётган мамлакатларнинг олимларига фан ва инжиниринг бўйича турли соҳалардаги тадқиқотлар учун 1 миллион АҚШ доллари миқдорида грант ажратади. Бундан ташқари, ривожланаётган мамлакатларнинг олимлари иштирокида ўтадиган илмий конференциялар ва симпозиумларни молиялаштириш ҳам академиянинг зиммасида бўлади.

Халқаро Фанлар академияси томонидан ўтказилган танловнинг бу галгисида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети(IUT) нинг физика фани ўқитувчиси Ҳусниддин Олимов лойиқ деб топилди. У ривожланаётган мамлакатлардаги 45 ёшгача бўлган Халқаро Фанлар академияси (The World Academy of Science, TWAS)нинг  мукофотини олган 22 нафар ёш олимлар қаторидан жой олди. 

Ҳусниддин Олимовга 2016 йилда TWAS мукофоти сўнгги беш йилдаги физика фани бўйича халқаро нуфузли журналларда чоп этилган мақолалари учун топширилди.

Танлов Ўзбекистон Фанлар академияси ва Халқаро Фанлар академияси билан ҳамкорликда иккита йўналиш бўйича ўтказилди: “Физика ва математика соҳасидаги “Энг яхши илмий мақолалар” ҳамда “Кимё ва биология соҳасидаги “Энг яхши илмий мақолалар”.

Инҳа университети профессори 2016 йил учун мазкур нуфузли мукофотни Ўзбекистондан қўлга киритган ягона лауреат бўлди. Қайд этамиз, 2016 йил якунлари бўйича TWAS мукофотини дунёнинг 16 мамлакатидан қатнашган 22 нафар ёш олимлар қўлга киритишди.

“Туркистон-пресс”