2017-04-20 16:17:00

УМРЗОҚ БОБО ИМТИЁЗЛИ ТАРЗДА ЕНГИЛ АВТОМОБИЛЬ ХАРИД ҚИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш мақсадида “GMUzbekistan” акциядорлик жамиятида ишлаб чиқарилаётган енгил автомобилларни навбатсиз шартномавий буюртма бериш орқали харид қилиш тартиби белгиланган эди.

“GMUzbekistan” АЖ томонидан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ва Молия вазирликлари ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан тақдим этилган ҳудудий тақсимоти бўйича шаклланган Иккинчи жаҳон урушифахрийларининг тўлиқ рўйхатидан келиб чиқан ҳолда ҳар бир уруш фахрийси номига бериладиган имтиёзли сертификат ишлаб чиқилди ва сертификатлар Иккинчи жаҳон урушифахрийларига “Нуроний” жамғармаси ва туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўйича бўлимлари мутасадди ходимлари ҳамда бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида тарқатилмоқда.

Жиззах вилояти бўйича 61 нафар уруш фахрийлари шундай сертификатларга эга бўлдилар. Зомин туманидаги Даштобод шаҳарчаси, “Бахт” маҳалласида истиқомат қилувчи 97 ёшли уруш фахрийси Умрзоқ бобо Анорбоев ана шундай имкониятдан фойдаланган жиззахлик фахрийлардан бири.

— Уруш йиллари даҳшатини биз ҳис этдик, фарзандларимиз асло кўришмасин, — дейди Умрзоқ бобо. — Бугунги дориломон кунларга етказганига шукр. Қийинчилик кунлар ортда қолди. Энди юртимизнинг фаровонлиги йўлида меҳнат қилиш, унинг равнақига ҳисса қўшиш керак. Ҳукуматимиз томонидан кўрсатилаётган мурувватдан беҳад мамнунман.

Отахонга “Дамас” русумли автомашина  Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосарлари, туман ҳокимлиги, турли жамоат ташкилотлари вакиллари, “Камолот” ЁИҲ етакчилари ҳамда маҳалла раислари иштирокида тантанали тарзда топширилди.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ.

“Туркистон-пресс” мухбири