2017-04-20 16:28:00

ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИДА ОТ СПОРТИ БЎЙИЧА МАРКАЗИЙ ОСИЁ ЛИГАСИ БОШЛАНДИ

Жорий йилнинг 20-23 апрель кунлари Тошкент вилоятидаги “Аллюр” от спорти базасида от спорти бўйича Жаҳон кубоги Марказий Осиё лигасининг биринчи босқич мусобақалари бўлиб ўтади. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси ва Ўзбекистон От спорти федерацияси, бир қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Аллюр” от спорти мажмуасида матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда Ўзбекистон От спорти федерацияси мутахассислари, Халқаро От спорти федерацияси вакиллари ва журналистлар иштирок этишди. Тадбир давомида мусобақа бўйича маърузалар тингланиб, от спорти бўйича келажакдаги истиқболли режалар билан йиғилганлар таништирилди.

Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, мазкур очиқ турнирда Литва, Польша, Россия, Туркманистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон каби қатор хорижий мамлакатларнинг терма жамоалари ва от спорти мусобақалари бўйича ҳакамлар иштирок этмоқда. Ушбу мусобақада юртимиз шарафини 10 га яқин чавандоз ҳимоя қилади.  

Тадбир сўнгида журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан тегишли жавоблар берилди.

Гулшода ЖУМАНИЁЗОВА,

“Туркистон-пресс” мухбири