2017-04-21 09:09:00

ДОРИЛОМОН КУНЛАР ШУКУҲИ

Бухоролик Иккинчи жаҳон уруши фахрийси Аҳмад Муҳсинов 93 ёшга кирган бўлса-да, ҳали бардам, тетик. 1944 йилда урушга сафарбар этилганида 18 ёшда бўлган. Кўксини тўлдириб турган ордену медаллар жанггоҳлардаги жасоратидан дарак беради.

Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари отахонга имтиёзли сертификат ҳамда совға-салом топширди.

– Ҳеч нарсадан кам-кўстим йўқ, ҳамма нарса етарли, – дейди Аҳмад бобо. – Ўғил-қизларим, невараларим меҳрибон. Маҳалла-кўй, ҳокимлик вакиллари, собиқ ҳамкасблар ҳол-аҳвол сўраб турибди. Дўхтирлар саломатлигимдан хабардор. Давлатимиз эътиборидаман. Бир кексага бундан ортиқ нима керак? Бардамлигим шундан. Етказганига шукр. 1941-1945-йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти фахрийлари қаторида мени ҳам Тошкент шаҳрида ўтказиладиган байрам тадбирига таклиф этишди. Буларнинг ҳаммаси учун Президентимиздан, ҳукуматимиздан миннатдорман.

“Туркистон-пресс”