2017-04-21 10:10:00

ҲУРМАТ-ЭҲТИРОМГА МУНОСИБ

Бугунги кунда Бухоро вилоятида 87 нафар Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган фахрийлар ҳаёт кечирмоқда.

Шу кунларда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари, ёшлар 9май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан улар хонадонида бўлиб, байрам билан табрикламоқда, Президентимиз номидан совға-саломлар топширмоқда.

Бухоро шаҳрида яшовчи 92 ёшли Ҳабиб бобо Валиев хонадони одатдагидан гавжум. Отахонни қутлагани вилоят ҳокими Ў.Барноев ва бошқалар келди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони, “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ отахонга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган замонавий енгил автомашинани бир марталик навбатсиз сотиб олиш ва унга бепул техник хизмат кўрсатиш учун имтиёзли сертификат ҳамда икки миллион сўм миқдорида пул мукофоти топширилди.

– Биз, кексалар давлатимизнинг эътибор ва ғамхўрлигини доимо ҳис қилиб турамиз, – дейди Ҳабиб ота. – Бундай ҳурмат ва эҳтиромдан бошимиз осмонга етади. Яратганга шукр, юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон. Биз урушда кўрган даҳшатларни ҳеч ким кўрмасин. Мен уч марта яраландим. Ҳар гал ҳарбий госпиталда даволаниб, яна жангга кирдим. Уруш тугагач, Бухорога қайтиб, нафақага чиққунимга қадар пойабзал фабрикасида ишладим. Мен жуда бахтли инсонман. Невара-чеваралар камолини кўрмоқдаман. Фарзандлар ардоғида, давлатимиз эъзозида эканим учун беҳисоб шукр. Бу жуда катта бойлик. Ўзбекистонимизни ёмон кўзлардан Яратганнинг ўзи асрасин!

“Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раҳбари Фармон Аминовнинг айтишича, вилоятдаги барча уруш фахрийларига Президентимиз фармони ва қарорига мувофиқ, юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда, совғалар топширилмоқда. Жамғарма ҳисобидан 30 нафар уруш иштирокчисининг уйи таъмирлаб берилаётир. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан эҳтиёжмандлар ногиронлик аравачаси ва эшитиш мосламалари билан таъминланмоқда.

“Туркистон-пресс”