2017-04-21 11:01:00

ТАКСИ ХИЗМАТИ УЧУН ЭЛЕКТРОН ТЎЛОВ ТИЗИМИ

Урганчда такси хизмати учун электрон тўлов тизими синовдан ўтказилмоқда. Дастур ҳайдовчининг телефонига ўрнатилиб, йўл ҳақини мижознинг картасидан масофавий тарзда ечиб олади.

“Sunday Taxi ”МЧЖ томонидан ишлаб чиқилганмахсус дастур Урганч шаҳридаги “Мусо Авто”МЧЖнинг йўналишсиз такси машиналарига ўрнатилиб, ҳозирдасинов тариқасида қўлланилмоқда.

Дастур ҳайдовчининг смартфонига юкланиб, тўловни қабул қилади. Яъни, ҳайдовчи телефонга мижознинг пластик картасини яқинлаштиради ва тариф асосида ҳисобланган йўлкирани кўрсатиб тегишли тугмачани босгач, 5-6 сония ичида пул ечиб олинади.

Хизмат ҳақи тўғридан-тўғри автокорхонанинг банк ҳисоб рақамига келиб тушиши билан мижознинг мобил телефонига тўлов амалга оширилгани ҳақида СМС-хабар келади (бунинг учун мижознинг картаси банкнинг СМС-хизмати тизимида рўйхатдан ўтган бўлиши керак). Дастур, шунингдек, кун мобайнида қайси ҳайдовчи томонидан неча пуллик хизматлар кўрсатилганини ҳам алоҳида қайд этиб бориб, корхоналарнинг ҳайдовчилар иш унумдорлигини баҳолаши ва уларга ойлик маошлар белгилашини осонлаштиради.

 “Sunday Taxi ”МЧЖ ҳозирда барча хоҳловчиларнинг пластик карталарига йўналишсиз такси хизмати ҳақини электрон шаклда тўлаш имконини берувчи ҳимояланган махсус ҚР-код ўрнатиб бермоқда.

“Туркистон-пресс”