2017-04-21 11:11:00

МАРКАЗИЙ БАНККА ЯНГИ РАИС ЎРИНБОСАРИ ТАЙИНЛАНДИ

Мамлакатимиз Президентининг тегишли фармонига асосан Шерзод Хаджизадаев Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раисининг ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда Марказий банк расмий веб-сайтида хабар берилган.

Хаджизадаев Шерзод Рафатович 1996 йили Тошкент Давлат иқтисодиёт университетининг иқтисодиёт факультетини, 2001 йили эса Банк-молия академиясининг банк иши йўналишини тамомлаган.

Банк тизимидаги фаолиятини 1996 йили Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкида оддий мутахассисликдан бошлаб, бўлим бошлиғи вазифасигача кўтарилган. 2001-2006 йилларда ТИФ Миллий банки Тошкент шаҳар Бош бошқармаси Амалиёт бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Мирзо Улуғбек филиали бошқарувчиси ўринбосари, бошқарувчиси вазифаларида ишлаган.

2006-2008 йилларда “Асака” акциядорлик тижорат банки Бошқаруви раиси ўринбосари лавозимини эгаллаган, 2008-2010 йилларда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Тошкент шаҳар Бош бошқармасига раҳбарлик қилган.

2010 йилдан бошлаб ҳозирга қадар “Трастбанк” хусусий акциядорлик тижорат банки Бошқаруви раиси бўлиб ишлаган.

“Туркистон-пресс”