2017-04-21 11:41:00

“ДОРИ-ДАРМОН” АК: ИДЕНТИФИКАЦИЯ МАЪЛУМОТЛАРИ ЭНДИ ХАРИД ЧЕКИДА

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 14 февралдаги“ Дори воситалари ва тиббиёт буюмларини сотиш, фармацевтика фаолиятини лицензиялаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида фармацевтика саноатини янада ривожлантириш билан боғлиқ қатор устувор масалалар белгилаб берилди.

Бугун ушбу талаб ва вазифалардан келиб чиққан ҳолда ривожланган коммуникация технологияларини фармацевтика йўналишига кенг жорий қилиш мақсадида “Дори-дармон” акциядорлик компанияси тизимида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Хусусан, компания таркибидаги барча дорихоналар тўлиқ компьютерлаштирилди. Шу билан бирга, улар фаолияти “М-Аптека плюс” ЭРП тизими орқали автоматлаштирилди. Қолаверса, дорихонлар ва компания ўртасидаги маълумот алмашувини ташкил қилиш мақсадида ягона ҳимояланган корпоратив тармоқнинг ташкил этилгани ҳам истеъмолчиларга қулайлик яратиб бермоқда.

Бундан ташқари, “Дори-Дармон” АК томонидан жорий қилинган автоматлаштирилган ахборот тизими компания ва “Ўзбекистон дори-таъминоти” масъулияти чекланган жамияти таркибидаги барча дорихоналарга товар чеки берувчи қурилмалар ўрнатилиб, ишга туширилди.

ЭРП тизими орқали Компания тизимидаги мавжуд 172 та дорихоналар томонидан дори воситаларини харид қилувчиларига идентификация маълумотлари, яъни дори воситалари ёки тиббиёт буюмларининг номи, дозаси, қадоқлаш миқдори, уларни берувчи шахсга оид маъумот, ҳарид қилинган санаси ва нархи кўрсатилган товар чекларининг тақдим этилиши йўлга қўйилди.

Бундай чеклар, аввало, истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, улар орқали дори воситаларининг белгиланган нархдан ошиши, сифатсиз воситаларнинг сотилиши каби қатор салбий ҳолатларнинг олди олинади.

Айни кунларда мазкур тизимнинг ишончли ва қулайлилигини ҳисобга олган ҳолда, компания тизимидаги ҳудудий акциядорлик ва масъулияти чекланган жамиятлари таркибидаги дорихоналарга ҳам ана шундай товар чекларини берувчи қурилмаларни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

“Туркистон-пресс”