2017-04-21 12:12:00

ЮРИДИК КАДРЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ ТИЗИМИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида малакали юридик кадрлар тайёрлаш жараёнига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар, прокуратура органи масъул ходимлари, журналистлар иштирок этган тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Абдуллаев, Тошкент давлат юридик университети ректори Е.Каньязов, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори А.Жуманов, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори вазифасини бажарувчи М.Ибрагимов ва бошқалар мамлакатимизда замонавий ва сифатли таълимни тубдан ислоҳ қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини малакали кадрлар билан таъминлаш, бўлажак ҳуқуқшуносларга жаҳон андозалари даражасида таълим бериш ва уларнинг малакасини ошириб бориш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлашди. 

Бугунги кунда олий таълим муассасаларида юридик фанларни ўқитиш тизими тубдан такомиллаштирилишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг тажрибали ходимлари талабалар билан машғулотлар ўтказишга жалб қилинаётгани яхши самара бермоқда. 

Бу жиҳатлар президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармонида ўз аксини топган. 

Тадбирда талабаларга прокуратура органлари фаолиятининг асосий йўналишлари, Бош прокуратуранинг олий таълим муассасалари билан юридик кадрларни тайёрлаш бўйича ҳамкорлиги, прокуратура органларининг жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини мувофиқлаштириш борасидаги роли, судларда ишлар кўрилишида прокурор ваколатлари ҳақида батафсил маълумот берилди. 

Учрашувда юқори малакали юридик кадрларни тайёрлашнинг янада самарали механизмларини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Тошкент давлат юридик, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетлари ўртасида юридик кадрларни тайёрлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди. 

Унга кўра, эндиликда талаба-ёшлар прокуратура органларида малака ошириб, амалиёт ўтайди, соҳа ходимлари билан ҳамкорликда ташкил этиладиган турли конференциялар, давра суҳбатлари, учрашув ва танловларда қатнашади.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири