2017-04-21 12:22:00

БУГУНДАН ЎТМИШГА ТЕМИР ЙЎЛДА САЁҲАТ

Турли даврларда халқ ҳўжалиги юкларини ва йўловчиларни ташишда фойдаланилган поездлар бугунги кунда ҳам халқ манфаатларига ҳизмат қилиб, оғиримизни енгиллаштириб келмоқда.

Айни дамда биз тобора тараққий топиб бораётган жамиятда яшаётган эканмиз, бугунимиз билан бир қаторда ўтмишимизга ҳам ҳурмат кўзи билан қарамоқдамиз.

Буни биз тарихимизнинг ҳар бир саҳифасини ёритиб турган музейларимиз фаолиятидан ҳам билиб олишимиз мумкин.

Ана шундай тарихий музейлардан бири пойтахтимиздаги “Темир йўллар техникаси музейи” бўлиб ушбу музей 1989 йил 4 августда шаҳар меъморий ансамблига мос тарзда иш фаолиятини бошлаган.

Музейда ХIХ-ХХ асрларда ишлаб чиқарилган 54 та нодир экспонатларнинг мавжудлиги, ўша даврнинг кундалик ҳаёти ҳақида атрофлича тушунча беришда кўмаклашмоқда.

Шунингдек, 13 та паровоз ҳамда 18 та турли русумдаги тепловоз, 3 та электравоз ва турли хил вагонлар ҳамда таъмирлаш-қурилиш техникалари томошабинларда қизиқиш уйғотиб, улар темир йўллар соҳасига оид бўлган турли саволларга жавоб олмоқда.

Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, ушбу маскан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида ягона темир йўл техникаси музейи бўлиб, Бутунжаҳон  техника музейлари ассоциацияси рўйхатидан жой олган. Бу щз навбатида музейнинг жахондаги ўрни ва аҳамияти нақадар кучли эканлиги намунасидир.

Жумладан, хориж давлатларининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчилари, Испания, АҚШ, Франция, Хитой, Англия, Нидерландия, Германия, Россия, Япония, Канада, Италия каби давлатларидан ташриф буюрган расмий делегация аъзолари музейнинг фахрий меҳмонлари рўйхатига киритилган.

Кўплаб қизиқарли экспонатларга бой бўлган ушбу музей халқ орасида “Паровозлар музейи” номи билан машҳурлиги ҳам бежизга эмас.

Масканда Ўзбекистон темир йўллари тарихини босқичма-босқич эслатиб турувчи фото-суратлар ҳамда турли техник буюмлар, темир йўл хариталари ва бошқа тарихий ашёлар томошабинлар нигоҳини жалб этади.

Ташриф буюрувчилар музейдаги ҳар бир экспонат, юртимиз темир йўлларига оид маълумотларни ўзгача мароқ, катта қизиқиш билан томоша қилишаётгани ҳам эътиборга моликдир.

Шунингдек, П-36 паровози музейдаги энг катта экспонатлардан бирибўлиб,ушбу экспонат 3000 от кучига эга.

Маънавий жиҳатдан дам олиш мақсадида ташриф буюрган инсонлар ушбу масканда вақтнинг қандай ўтганини ҳам сезмай қолади.

“Паровозлар музейи”да сайр қилар эканмиз, ноодатий декорацияларда олинган тўй суръатлари ҳам эътиборингиздан четда қолмайди.

Бизнинг маданий меросларимизни ўзида жалб этган ушбу музейда сўзимиз билан баён эта олмайдиган жиҳатлар кўп эканлигига амин бўлдик. Яхшиси — уни бир бор томоша қилган афзал.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс” мухбири