2017-04-21 18:47:00

ОТ СПОРТИ БЎЙИЧА ЖАҲОН КУБОГИ МУСОБАҚАЛАРИ ҚИЗҒИН ПАЛЛАДА

Айни кунларда Тошкент вилоятидаги “Аллюр” от спорти базасида от спорти бўйича Жаҳон кубоги Марказий Осиё лигасининг биринчи босқич мусобақалари бўлиб ўтмоқда. Унда Литва, Польша, Россия, Туркманистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон каби қатор хорижий мамлакатларнинг терма жамоалари ва от спорти мусобақалари бўйича ҳакамлари иштирок этмоқда. “Туркистон-пресс” мухбири мусобақа жараёнлари ва юртимиз терма жамоасининг баҳсларга тайёргарлиги тўғрисида Ўзбекистон От спорти федерацияси Бош котиби Эльдар АНАРБАЕВга айрим саволлар билан мурожаат қилди.

Эльдар ака айтингчи, бу галги беллашувларнинг тартиби қандай бўлади?

– Биринчи куни спортчилар биринчи айланишда 1 метру 35 сантиметр баландликдаги тўсиқлардан, иккинчи айланишда 1 метру 35 сантиметр баландликдаги тўсиқлардан от сакратиш бўйича беллашади. Иккинчи куни Миллатлараро кубок доирасида икки босқичли баҳслар бўйича дастлабки айланишда 1 метру 35 сантиметр, иккинчи айланишда 1 метру 45 сантиметр баландликни забт этишга ҳаракат қилишади. Учинчи куни Жаҳон кубоги ва Гран-при баҳслари доирасида баландлиги 1 метру 40 сантиметрдан 1 метру 60 сантиметргача бўлган тўсиқлардан ошиб ўтишади.

–  Республикамизда от спортини ривожлантириш, уни халқаро миқёсда янада юксалтириш учун қандай амалий ишлар қилинмоқда?  

– Яқинда Швейцариянинг Лозанна шаҳрида Халқаро От спорти федерациясининг бешинчи спорт форуми бўлиб ўтди. Унда иштирок этиш боробарида кўплаб давлатларнинг От спорти федерациялари раҳбарлари билан ҳамкорлик битимлари тузишга эришдик. Хусусан, Халқаро От спорти федерациясининг Lifetime Achievement Award мукофотини қўлга киритган, ҳалқаро миқёсда от спортига ҳомийлик қилиб келаётган Саудия Арабистони шаҳзодаси Файсал ибн Абдулла ал-Сауд билан музокаралар чоғида юртимизда от спортини янада ривожлантириш, халқаро от спорти турларини мамлакатимизда ҳам йўлга қўйиш, зотдор отлар наслчилиги бўйича ҳамкорликда иш олиб бориш муҳокама қилинди. Бундан ташқари, Россия федерацияси От спорти федерацияси раҳбари Анатолий Меркулов билан олиб борилган музокараларда ҳам мамлакатимизда от спортини ва унинг техник базасини ривожлантириш бўйича қатор келишувларга эришилди. Дейлик, жорий йилдан бошлаб, россиялик илғор зоотехник ва ветеринарлар мамлакатимизда ўқув семинарлари олиб бориши кенг йўлга қўйилади. Шу билан бирга ўзбекистонлик мутахассислар Санкт-Петербург ва Москва шаҳарларида бепул амалиёт ўтаб келади. Спортчи отларнинг энг керакли аслаҳаси ҳисобланган тақа ясаш технологиясини замонавийлаштириш, тақа ясайдиган янги технологияларни олиб келиш бўйича ҳам келишувлар имзоладик.

– Нима деб ўйлайсиз, терма жамоамиз 2020 йил Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларида қатнаша оладими?

– Албатта. Мен мамлакатимиз терма жамоасининг жиддий баҳсларга тайёргарлиги, ҳар қандай мусобақаларда беллаша олишига ишонаман. Форум давомида Халқаро От спорти федерацияси президенти Ингмар де Вос ҳам юртимиз отлари ва чавандозларининг салоҳиятига юксак баҳо берди.Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бах терма жамоамизнинг Токиодаги Олимпия ўйинларида қатнашишга ҳар томонлама тайёр эканлигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, биринчи кун натижаларига кўра, ҳамюртларимиз Собиржон Абдушукур “Ремтекер” лақабли отида биринчи ўринни, яна бир спортчимиз Ғайрат Назаров “Куатро Жуниор” лақабли от билан иккинчи ўринни, Хуршид Олимжонов эса, “Гитарис” лақабли тулпорида учинчи ўринни қўлга киритди.

Мусобақалар давом этмоқда.      

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс” мухбири